БМТ Қозоғистонни Жанаўзенда зудлик билан тергов ўтказишга чақирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қозоғистонни Жанаўзендаги тарибсизликлар юзасидан зудлик билан тергов ўтказишга чақирмоқда

Бирлашган Миллатлар Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Қозоғистоннинг Жанаўзен шаҳрида ўндан ортиқ кишининг умрига зомин бўлган тартибсизликлардан хавотир изҳор этиб, масъулларни зудлик билан юз берган ҳодисани текширишга чақирган.

Халқаро ташкилотнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Неви Пиллай хоним қозоқ ҳукуматини меъёридан ортиқ куч ишлатмасдан, шаҳарда тартиб ўрнатишга ҳам чақирган.

Кеча Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Дэвид Лидингтон ҳам Қозоғистонда кечаётган ҳодисалардан ташвишда эканликларини баён қилган.

Жаноб Лидингтон, "Барча томонларни оғир-босиқликка ва ўзларини тийишга чақирган".

"Мен Жанаўзендаги тартибсизликлар чоғида қон тўкилганидан жуда хавотирга тушдим ва қурбонларнинг яқинларига ҳамдардлигимни изҳор этаман", деб айтган жаноб Лидингтон.

Британия Ташқи ишлар вазирлиги вакили, ўз ўрнида, Қозоғистон ҳукумати томонидан ғалаёнларни ўрганиш учун махсус текширув ҳайъати тузилганини ҳам олқишлаган.

Қозоғистондаги воқеаларга муносабат билдираркан, "Хьюман Райтс Вотч" халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилоти ҳам қозоқ ҳукуматини мустақил тергов ўтказишга чақирган.

Халқаро ташкилотга кўра, қозоғистонлик расмийлар мустақил инсон ҳуқуқларини сақлаш гуруҳлари ва журналистларнинг ҳудудда эркин фаолият олиб боришларини ҳам таъминлаши лозим.

"Жанаўзенда тартиб ўрнатиш қозоқ ҳукуматининг вазифаси. Аммо улар маълумот олиш эркинлигига асоссиз ва кераксиз чекловлар қўйиш учун фавқулодда ҳолат тартибидан фойдаланишолмайди", дейилади "Хьюман Райтс Вотч" баёнотида.

Халқаро ташкилотнинг таъкидлашича, "Бу каби меъёридан ортиқ чекловлар киритиш билан қозоқ масъуллари Жанаўзенда нималар юз бераётганини аниқлашни қийинлаштиришади".

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Ҳукумат кучларининг оломонга қарата ўт очиши натижасида ўндан ортиқ кишининг қурбон бўлгани айтилади

Баёнотда билдирилишича, Жанаўзен билан алоқанинг йўқлиги боис, 16 декабр куни зўравонликлар қандай қилиб бошланиб кетгани, жавобгарларнинг ким эканликлари ва ҳукумат қўшинлари қандай шароитда ҳақиқий ўқ қўллашни бошлашганига оид қозоқ ҳукуматининг изоҳларини мустақил манбалардан тасдиқлай олишмаган.

"Хьюман Райтс Вотч", ўз навбатида, президент Нурсултон Назарбоевнинг юз берган ҳодисалар юзасидан муфассал текширув ишлари олиб борилиши, ҳайъат таркибида мустақил экспертлар ҳам бўлишига оид баёнотини хуш қаршилаган.

Аммо, халқаро ташкилотга кўра, қозоқ ҳукумати мустақил гуруҳларнинг ўз тергов ишларини олиб боришга имконли бўлишларини ҳам кафолатлаши лозим.

Қозоғистоннинг нефтга бой Манғистау вилоятининг Жанаўзен шаҳрида тартибсизликлар 16 декабр куни, Қозоғистон мустақиллигининг 20 йиллиги санасида бошланиб кетганди.

Дастлабки хабарларда тўқнашувларни қарийб ярим йилдан буён ўз норозиликларини изҳор этиб келаётган нефтчилар бошлаб берганликлари айтилганди.

Қозоғистон полицияси оломонни тарқатиш учун кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаган, ҳавога огоҳлантирувчи ўт узган ва сўнгра одамларнинг ўзларига қарата ўт очгани хабар берилганди.

Жанаўзендаги тартибсизликлар чоғида ўндан ортиқ кишининг қурбон бўлгани айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ