Рус мухолифати лидерининг телефон суҳбати веб сайтда чоп этилди

Борис Немцов Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Борис Немцов Кремлнинг ашаддий танқидчиларидан бири ҳисобланади

Россия ҳукумати билан яқин алоқаларга эга бўлган LifeNews веб саҳифаси таниқли мухолифат раҳбари - Борис Немцовнинг мухолифат фаоллари билан телефон суҳбатларини чоп этган.

Бу суҳбатларда Борис Немцов ўзи ташкил этган намойишларда қатнашганларни "оғмахон" ва "қўрқоқ пингвинлар" деб атаган.

LifeNews веб саҳифаси унинг ихтиёрига Борис Немцовнинг ўз издошлари билан бўлган олти соатлик телефон суҳбатлари тушганини маълум қилган.

"Россияда телефон суҳбатлари хавфсизлик хизматлари томонидан эшитилиши ва ёзиб олинишига кўпчилик ишонади," дея хабар беради Москвадаги Би-би-си мухбири Даниел Сандфорд.

"Мухолифат раҳбарларидан бири Борис Немцов ва бошқа етакчи мухолифатчиларнинг нишонга олингани ҳеч кимни таажубга солгани йўқ," дейди Би-би-си мухбири.

Айни дамда Борис Немцов яқин келажакда Россия Тергов Қўмитасига айни "жиноят" юзасидан шикоят аризаси топширишини айтган.

Борис Немцов адвокати Россия Тергов Қўмитасининг бошлиғи номига ариза тайёрлаётганини билдирган.