АҚШ Шимолий Кореяни "тинчлик йўли"дан боришга даъват қилди

Ҳиллари Клинтон Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Кин Чен Ир ўлими ортидан АҚШ минтақа давлатлари билан фавқулодда учрашувлар ўтказмоқда

Қўшма Штатлар Шимолий Кореяни Ким Чен Ир ўлими ортидан "тинчлик йўлидан" боришга чақирган.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Вашингтон Шимолий Корея халқига ёрдам бериш ва Корея ярим оролида хавфсизликни таъминлашга тайёр эканини айтган.

Америка маъмурияти ҳозирда Шимолий Кореяга қўшни давлатлар билан фавқулодда йиғинлар ўтказмоқда.

Президент Барак Обама АҚШнинг минтақадаги иттифоқчиларини, агар зарур бўлса, ҳимоя қилишга ваъда берган.

Ким Чен Ир ўрнига унинг кенжа ўғли - Ким Чен Ин - Шимолий Корея раҳбари этиб тайинланиши кутилмоқда.

Бироқ таҳлилчилар Ким Чен Ирнинг ўлими Шимолий Кореяда сиёсий беқарорликни келтириб чиқаришидан хавотирдалар.

Душанба куни Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ир юрак хуружидан вафот этди.

Шимолий Корея телевидениеси кун бўйи Ким Чен Ир ўлимига аза тутган миллионлаб кореяликларни намойиш этган.

Ким Чен Ир мамлакатни 1994 йилдан буён идора этиб келаётганди.

"Биз КХДР янги раҳбарияти мамлакатни тинчлик йўлидан олиб боришига, Шимолий Кореянинг халқаро мажбуриятларига риоя этишига, қўшнилар билан алоқаларни яхшилашига ва бошқа халқлар ҳуқуқларига ҳурмат кўрсатишига умид қиламиз ", - дейилади Ҳиллари Клинтон баёнотида.

Айни дамда АҚШ президенти юзага келган вазиятни Япония ва Жанубий Корея раҳбарлари билан муҳокама қилган.

Оқ Уйнинг хабар беришича, Япония Бош вазири Есихико Нода билан суҳбатда Барак Обама "мамлакати ўз иттифоқчилари, жумладан Японияни ҳимоя қилишга тайёр эканини таъкидлаган".

Шу билан бирга, АҚШ Мудофаа вазири Леон Панетта ўзининг жанубий Кореялик ҳамкасби Ким Гван Чжин билан билан суҳбатлашган ва келгуси амалларни мувофиқлаштириш ва давомли маълумот алмашишга келишиб олган.

Шимолий Кореянинг энг яқин иттифоқчиси ва асосий савдо шериги бўлган Хитой эса, душанба куни баёнот тарқатиб, Шимолий Корея халқини Ким Чен Ин атрофида жипслашишга чақирган.

Бу мавзуда батафсилроқ