BBC navigation

Шимолий Корея доҳийси ўлими ортидан, унинг ўғли якка ҳоким бўлмаслиги мумкин

Сўнгги янгиланиш 21 декабр 2011 - 10:33 GMT

Шимолий Кореяда энг муҳим қарорларни ҳарбий раҳбариятнинг иштирокисиз қабул қилиш имконсиз

Шимолий Корея доҳийси Ким Чен Ирнинг ўлими ортидан ўнинг ўғли ва меросхўри Ким Чен Ин давлатни якка ўзи бошқармайди, балки қудратни ўз тоғаси Чан Сун Тук ва ҳарбий раҳбарлар билан бўлишади. Бу ҳақида Рейтер хабар тарқатган.

Рейтернинг манбасига кўра, Шимолий Кореяда ҳарбий тўнтариш юз беришининг эҳтимоли ўта оз. "Бундай бўлмаса керак. Қуролли кучлар аллақачон Ким Чен Инга содиқликларини айтиб онт ичишди", деб айтган манба.

Мазкур манба Рейтерга авваллари ҳам ишончли ахборотни етказиб турган. Жумладан 2006 йилда у Шимолий Кореяда режаланган ядровий синовларнинг санаси ҳақида аниқ хабар узатган.

Халқаро кузатувчилар, хусусан Россия экспертлари Шимолий Корея ҳукуматидаги қудрат бўлиниши борасидаги маълумотни ишончли деб билишади, аммо хулоса чиқаришга шошилишмаяпти.

Коллектив бошқарув

Шимолий Корея диктатурадан коллектив бошқарувга ўтиши борасидаги башоратлар Ким Чен Ир ҳали ҳаётлигида бошланганди.

Мутахассисларга кўра, марҳум доҳийнинг ўғли, ўз тоғасига солиштирганда, етарли ҳарбий тажриба ва авторитетга эга эмас. Унинг тоғаси узоқ йиллардан бери партия ва хавфсизлик кучларида юқори ўринларни эгаллаб келади.

Москвадаги Узоқ Шарқ Институтининг Корея тадқиқотлари бўйича маркази илмий ходими Константин Асмолов Шимолий Кореяда ҳокимият шароитга қараб ўзгариб боришини айтади.

"Коллектив бошқарув амалда юз берадими, ёки фақат қоғозда қолиб, аслида ҳокимиятни бир ҳукмдор бошқарадами - бу тафсилотлар ҳақида янги ҳукумат ўзини намоён қилганидан кейингина фикр юритиш мумкин бўлади", деди у.

"Мамлакатнинг янги лидери ёш йигит, унда отасининг маъмурий тажрибаси йўқ. У фақат бир йил давомида отасига ёрдам берган, бирон шахсий лойиҳаси билан танилмаган, шундай экан у қандай раҳбар бўлишини башорат қилиш қийин", дейди Константин Асмолов.

Тажрибали қайнаға

Ким Чен Иннинг тоғаси Чан Сун Тек 65 ёшда. У марҳум доҳий Ким Чен Ирнинг қайнағасидир.

Чан Сун Тек узоқ йиллар давомида Шимолий Кореянинг ишчи партияси маъмурий бўлимини бошқарган, прокуратура, полиция ва ташқи разведка хизмати фаолиятини назорат қилган, 2009 йилда эса олий кенгаш, яъни Миллий Мудофаа Комиссиясига аъзо бўлган.

Чан Сун Текни биладиган одамлар уни серғайрат ва ишбилармон раҳбар деб билишади.

Баъзи хабарларга кўра, 2008 йил августида Ким Чен Ирнинг миясига қон қуйилиши ортидан Чан Сун Тек маълум муддат давлат раҳбари вазифасини ўтаган ва баъзи экспертлар томонидан доҳийнинг меросхўри дея кўрила бошлаган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.