Медведев Кремл маъмурияти раҳбари этиб Сергей Ивановни тайинлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ивановнинг янги вазифаси кўп сиёсатчилар учун кутилмаган бўлган

Россия президенти маъмурияти раҳбарлигидан истеъфога чиққан Сергей Наришкиннинг ўрнига бош вазир ўринбосари Сергей Иванов тайинланган.

Бу ҳақдаги фармонга Дмитрий Медведев имзо чеккан.

Президент фармонига кўра, Сергей Иванов шу пайтгача эгаллаб келган лавозими - бош вазир ўринбосарлигидан озод қилинган.

У Бош вазир Владимир Путиннинг бош ўринбосари вазифасига 2007 йилда тайинланган эди.

Эндиликда ўзининг собиқ ўринбосарини янги ишга кузата туриб, жаноб Путин мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги муҳим вазифаларни ҳал қилишдаги хизматлари учун Сергей Ивановни Столипин медали билан тақдирлаган.

Сиёсатшунослар фикрича, Давлат Думасига ишга ўтказилган Сергей Наришкиннинг ўрнига унинг мафкура ишлари бўйича ўринбосари, вақтинчалик унинг ўрнига ишлаб турган Владислав Сурков тайинланиши кутилган.

Аммо бу муҳим лавозимга Владимир Путин билан узоқ вақтдан буён ишлаб келган Сергей Иванов қўйилган.

Сергей Иванов Владимир Путиндан атиги уч ой кичик.

Иккаласи ҳам Ленинград университетида ўқишган, сўнгра КГБнинг махсус билим юртини битиришган.

Сергей Иванов 1998 йилда Россия Хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган.

Москвадаги Сиёсий тадқиқотлар институти директори Сергей Марковнинг айтишича, Сергей Иванов 2012 йилда президентлик курсисига қайтишни мўлжаллаётган бош вазир Путинга яқин одамлардан бири.

"Иванов Путин олигархлар билан курашган энг оғир пайтларда хавфсизлик хизматининг бошлиғи бўлган эди. Ҳозирги мураккаб шароитда ҳам Ивановнинг зиммасига Россия сиёсий кучларини Путин атрофига имкон қадар жипслаштириш вазифаси турибди", - деб айтган Сергей Марков.

Сергей Ивановнинг янги лавозими кутилмаган бурилиш, деб ҳисоблайди Халқаро сиёсат институти эксперти Евгений Минченко.

"Иванов Путин ишонадиган шахс", дейди Евгений Минченко.

"Яблоко" партияси раҳбари Сергей Митрохинга кўра, Сергей Ивановнинг президент маъмуриятига ишга ўтишини Путиннинг ўз сиёсий гуруҳини тузиш йўлидаги дастлабки қадами, дейиш мумкин.