Ким Чен Ун Шимолий Кореянинг "олий бош қўмондони" бўлди

Ким Чен Ун Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ким Чен Унга ўтган йили генерал унвони берилган эди

Шимолий Корея давлат оммавий ахборот воситалари мамлакатнинг янги раҳбари Ким Чен Унни илк бор кўп сонли қўшинларнинг "олий бош қўмондон" деб аташди.

20 йил муқаддам айни лавозимга унинг отаси Ким Чен Ир тайинланган эди.

Шимолий Кореянинг асосий давлат газетаси - "Нодон синмун"да марҳум доҳий Ким Чен Ирнинг кенжа ўғлини Шимолий Кореяни "абадий ғалаба"га етаклашга чорлаган мақола нашр этилган.

Ким Чен Ир ўлими ҳақида душанба куни эълон қилиниши ортидан Шимолий Корея тарғиботи Ким Чен Унни "буюк ворис" дея атай бошлаган эди.

Ҳали 30 ёшга тўлмаган янги доҳийда сиёсий таржриба оз. Таҳлилчилар тахминига кўра, коммунист давлатни идора этишда унга бошқа давлат арбоблари ёрдам беришади.

Ўтган йил Швейцарияда таълим олган Ким Чен Унга генерал унвони берилган эди.

"Ўртоқ Ким Чен Ун бошчилигида "сонгун" инқилоби илгари сурган вазифаларни сидқидилдан бажаришга ваъда берамиз," - деб ёзилган "Нодон синмун" газетасида чоп этилган бош мақолада.

"Сонгун" сиёсати Шимолий Корея даромадларини илк навбатда армияга сарфлашни назарда тутади.

Бу мавзуда батафсилроқ