Мисрда Ҳусни Муборак устидан маҳкама иши қайтадан бошланди

Ҳусни Муборак Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Агар айбдор деб топилса, Ҳусни Муборак ўлим жазосига ҳукм этилиши мумкин

Миср собиқ президенти Ҳусни Муборак устидан маҳкама иши, икки ойлик танаффусдан сўнг, қайтадан бошланди.

Давлат телевидениеси 83 ёшли собиқ президентнинг Қоҳирадаги маҳкамага замбилда келтирилганини намойиш этди.

Жаноб Муборак идорий фасод ва оммавий ғалаёнлар пайтида намойишчиларни отишга буйруқ беришда айбланмоқда.

Унинг икки ўғли - Алаа ва Гамал - собиқ ички ишлар вазири ва яна юқори мартабали олти полиция зобити ҳам айни айбловлар билан маҳкамага тортилган.

Уларнинг барчаси айбловларни рад этганлар.

Миср Давлат ТВси жаноб Муборак маҳкама залига келтирилган лаҳзаларни тўғридан-тўғри намойиш этган.

Қора либос кийган ва кўрпага ўранган Ҳусни Муборакни беморлар замбилида тез ёрдам машинасидан маҳкама залига олиб кирганлар.

У маҳкама биносига аввалроқ Қоҳира ҳарбий шифохонасидан вертолётда келтирилган эди.

Феврал ойида 18 кун давом этган эътироз намойишлари чоғида Миср хавфсизлик кучлари томонидан 840 инсон ўлдирилган эди.

Қурбонлар яқинларининг мудофаа вакиллари ҳакамларни ўзгартиришни талаб қилишлари ортидан маҳкама иши икки ойга кечиктирилди.

Аммо шу ой бошида уларнинг талаблари рад этилди.

Август ойи ўрталарида ҳакам маҳкамани телевидение орқали тўғридан-тўғри намойиш этишни таъқиқлаши мудофаа вакилларининг эътирозларига сабаб бўлди.

Маҳкама бошланганидан буён Мисрнинг баъзи қудратли шахслари кўрсатма беришди.

Ҳозирда Мисрни идора этаётган Ҳарбий Кенгашнинг бошлиғи, собиқ Мудофаа вазири Муҳаммад Ҳусейн Тантовий сентябр ойида ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтган маҳкамада жаноб Муборак намойишчиларни отишга ҳеч қачон буйруқ бермаганини айтган.

Собиқ президент, агар айбдор деб топилса, ўлим жазосига ҳукм этилиши мумкин.

Ички ишлар вазирлигига кўра, беш мингдан кўпроқ полициячи маҳкама биносини қўриқлашга сафарбар этилган.

Бу мавзуда батафсилроқ