Шимолий Кореяда Ким Чен Ирнинг дафн маросими ўтказилди

Дафн маросими Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Ким Чен Ирнинг кўмиш маросими икки кун давом этади.

Шимолий Кореяда мамлакат раҳбари Ким Чен Ирнинг дафн қилиш маросими бўлиб ўтмоқда.

Мамлакат телевидениеси дафн маросимини узлуксиз намойиш этмоқда.

Телевизион тасвирларда пойтахт Пхеняннинг қорли кўчалари бўйлаб доҳий жасади қўйилган тобутни секин элтаётган лимузинни кўриш мумкин.

Шимолий Корея матбуотига ишониладиган бўлса, Ким Чен Ирнинг ўғли ва вориси, Ким Чен Ун, машина ёнида борарди.

Дафн маросимида мамлакатнинг юз минглаб аҳолиси иштирок этмоқда. Уларнинг кўпи кўз ёшларини яширмайди.

Ким Чен Ирни кўмиш маросими ҳақида кўп нарса маълум эмас. Жанозада хорижий ҳайъатлар иштирок этмаётир.

Мотам маросимида, афтидан, 1994 йил ҳодисалари такрорланадиганга ўхшайди.

Ўшанда Корея Халқ Демократик Республикасининг асосчиси Ким Ир Сенни кўмиш маросими икки кун давом этганди.

1994 йилда бўлгани сингари, мотам маросими мамлакатни бошқариш янги раҳбар - Ким Чен Ирнинг кенжа ўғли Ким Чен Унга ўтаётганига ишора қилади.

Дабдабали томоша

Расмий талқинга кўра, Ким Чен Ир 17 декабр куни 69 ёшида юрак хуружидан вафот этди.

Охирги кунларда доҳий жасади отасининг мавзолейида шишали тобутда сақланди.

Минглаб одамлар Ким Чен Ир билан видолашгани Пхенянга келишди.

Ким Чен Ун исми Шимолий Корея расмий телеграф агентлигида нашр этилган "миллий кўмиш қўмитаси" аъзолари рўйхатининг бошида турарди.

Ким Чен Ирнинг яна икки ўғли бор, аммо улар "миллий кўмиш қўмитаси" рўйхатига киритилмаган ва жаноза маросими чоғида жамоатчиликка кўринмади.

Доҳий ўлими ортидан Корея Халқ Демократик Республикаси давлат оммавий ахборот воситалари ғамга ботган Шимолий Кореяликларнинг кўплаб сондаги фото ва видео суратларини нашр этишди.

Пайшанба куни муҳим маросимлар бўлиб ўтиши кутилмоқда: маҳаллий вақт билан тушлик пайтида - уч дақиқа сукут сақланади, сўнгра барча поезд ва кемаларда гудок чалинади.

"Буюк ворис"

Шимолий Корея тарғиботи Ким Чен Унни бобоси ва отасининг "буюк вориси" сифатида тасвирланади.

Ҳали 30га ҳам тўлмаган Ким Чен Уннинг сиёсий тажрибаси унчалик катта эмас.

Бироқ, Меҳнат партиясининг марказий органи ҳисобланган "Нодон Синмун" газетаси уни Марказий Қўмита бошлиғи ва Қуролли Кучларнинг бош қўмондони, деб атади.

Бу Ким Чен Ун зиммасига мамлакатни бошқариш топширилганини англатади.

Таҳлилчилар фаразига кўра, келгуси йиллар давомида Шимолий Кореяни Ким Чен Уннинг анча тажрибали қариндошлари ва нуфузли генераллар бошқаришади.

Бу мавзуда батафсилроқ