Афғонистонда юз берган портлаш 10 полиция ходими умрига зомин бўлди

Афғонистон жанубидаги Ҳелманд вилоятида йўл четида юз берган портлаш камида 10 полиция зобитининг умрига зомин бўлган.

Полициянинг билдиришича, пайшанба куни Над Али туманида рўй берган ушбу ҳодисада бир полиция автомашинаси вайрон бўлган.

Машиналари бомбага дуч келинган маҳал полиция зобитлари ҳарбий тайёрлов марказидан чиқиб кетишаётган бўлишган.

Толибон ушбу ҳужум масъулиятини зиммасига олиб чиққан.

Афғонистон шарқида юз берган ҳодисада афғон армияси кийимини кийган шахс икки НАТО аскарини ҳалок этган.

НАТО ҳалок бўлган аскарлари қайси мамлакат фуқаролари эканини ошкор қилмаган.

Ҳужумчининг тақдири нима кечгани борасида ҳам маълумотлар берилмаган.

'Жабрланганлар полицияга янги ёлланганлар бўлишган' Ҳелманд вилоятидаги ҳарбий тайёрлов марказидан чиқиб кетаётган зобитларнинг автомашинаси бомбага дуч келган.

Нобуд бўлганлардан айримлари полицияга янги ёлланганлар бўлишган. Портлашда яна бир полиция ходими жароҳатланган.

Ўтган ой Президент Ҳомид Карзай исёнкорлар ва Британия кучлари ўртасидаги қақшатқич жангларга саҳна бўлган Над Али тумани хавфсизлик назорати афғонларга топширилаётганини билдирганди. Мухбирларнинг айтишларича, бугунги ҳодисада ҳаётдан кўз юмганлар Қўшма Штатлар тарафидан молияланадиган Афғон Маҳаллий Полицияси аъзолари бўлишган. НАТО қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш бошланаркан, айнан мана полиция хизмати хавфсизликни таъминлашда муҳим рол ўйнаши кутилади. Афғон Маҳаллий Полицияси Афғонистон армияси ва доимий полициясининг қўли етмаган минтақаларда жамоаларни ҳимоя қилиш учун ерлик одамларни қурол-яроғ билан таъминлайди. Британия кучлари Над Алида 2006 йилдан бери фаолият олиб боради. Британ қўшинлари яқинда қўшма хавфсизлик амалиётлари ортидан зўравонликлар ўтган йилгига қараганда 86 фоизга камайганини айтишганди.