'Суриядан Араб Лигасининг кузатувчилари олиб чиқилиши керак'

Араб Лигаси кузатувчилари Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Араб Лигасининг 60 тача кузатувчиси ўз фаолиятини 27 декабрда бошлашган.

Араб Парламенти Суриядаги зўравонликларга чек қўйилишини назорат этиш учун борган Араб Лигаси кузатувчиларини олиб чиқиш чақириғи билан чиққан, боиси Сурия ҳукумати ҳамон аксилҳукумат чиқишларини бостиришда давом этмоқда.

Араб Парламенти Араб Лигасининг маслаҳатчи органи ҳисобланади.

Араб Парламенти спикери Салим ал-Диқбассий эълон қилган баёнотда айтилишича, кузатувчиларнинг Сурия ҳудудида бўлиши ҳукуматга ўз қатағонларини яширишга хизмат қилмоқда.

"Сурия режими томонидан бегуноҳ тинч фуқаролар ўлдирилаётгани давом этаётганини ҳисобга олиб, кузатувчилар мамлакатни тарк этмоқлари лозим", дейилади баёнотда.

Араб Лигасининг 60 тача кузатувчиси 27 декабр куни Суриянинг зўравонликлар энг кўп кузатилган шаҳарларида ўз фаолиятини бошладилар.

Шунга қарамасдан, бутун мамлакат бўйлаб зўравонликлар камайгани йўқ.

Кузатувчиларнинг асосий мақсади, Араб Лигасининг Суриядаги зўравонликларни тўхтатишга қаратилган режаси ҳаётга қандай татбиқ этилаётганини назорат этишдир.

Бу режага кўра, Сурия ҳукумати ҳам, ҳукуматга қуролли қаршилик кўрсатаётган мухолифат ҳам ўт очишни тўхтатишлари, армия жойлаштирилган шаҳарлар кўчаларидан олиб чиқиб кетилиши ҳамда қамоққа ташланган сиёсий маҳбуслар озодликка чиқарилиши лозим.

Кузатувчилар етиб борганининг дастлабки куниданоқ мухолифат уларни аслида нималар бўлаётганини ўрганиш учун етарли иш қилмаётганликда айблаб чиқдилар.

Араб Лигаси кузатувчилари Сурия ҳудудида ўз миссияларини бошлаганларидан буён 150 дан ортиқ инсон ўлдирилди, дейишади суриялик фаоллар.

Айрим шаҳарлардан танклар олиб чиқилгани ҳақида хабар берилган бўлса-да, намойишлар ва аксилҳукумат юришлари ташкил этилган жойларда мерганлар тургани кўринган.

Бирлашган Миллатлар ташкилоти хабар беришича, Сурияда Президент Башар ал-Асад ҳукмронлигига қарши бошланган қўзғолоннинг 10 ойи давомида 5000 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган.

Сурия ҳукумати айтишича, ўз қўшинлари қуролланган гуруҳларга қарши жанглар олиб бормоқда ва шу давр мобайнида 2000 хафсизлик ходими ўлдирилган.

Сурияда хорижий журналистларнинг эркин ҳаракатланиши тақиқлангани туфайли талофотлар ҳақидаги маълумотлар ва бошқа ахборотни текшириш имконсиз.

Бу мавзуда батафсилроқ