‘Ўтган йил дунёда қарийб рекорд сонда журналист ўлдирилган’

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Халқаро Матбуот Институтига кўра, журналистларнинг хавфсизликлари билан боғлиқ вазият йил сайин ёмонлашиб бормоқда

Венада жойлашган Халқаро Матбуот Институти эълон қилган янги ҳисоботда билдирилишича, 2011 йилда бутун дунё бўйлаб 103 та журналист ўз иш фаолияти давомида ўлдирилган.

Бу – 2009 йилда қайд этилган рекорд сондагиси (110 та) дан бироз камроқ, холос.

Ўлим ҳолларининг аксарияти Лотин Америкаси ҳиссасига тўғри келади.

Аён бўлишича, ўтган йил ўлдирилган журналистларнинг 36 нафари лотин америкасилик бўлишган.

Бир йилнинг ўзида 10 та журналист ўлим топган Мексика эса, дунёда қалам аҳли фаолият олиб бориши энг хатарли бўлган ҳудуд сифатида қайд этилган.

2011 йилда ўнга яқин журналист ўлдирилган Ироқ эса, хавфлилик нуқтаи назаридан Мексикадан кейин иккинчи ўринни эгаллаган.

Ироқда журналистлар асосан портлашлар чоғида қурбон бўлишган.

Журналистларнинг ҳаётлари хавф остида бўлган иккинчи минтақа сифатида Яқин Шарқ тан олинган.

“Араб дунёсидаги ғалаёнлар” у ерда йигирмадан ортиқ журналистнинг умрига зомин бўлган.

Шимолий Африкада кечган “араб баҳори”да ҳам ўнга яқин журналист ҳаётдан кўз юмган.

Вазият ёмонлашиб бормоқда

Халқаро Матбуот Институтининг билдиришича, йил сайин журналистларнинг хавфсизликлари билан боғлиқ вазият ёмонлашиб бормоқда.

Дейлик, 2002 йилда журналистларнинг фаолият олиб боришлари хатарли бўлган мамлакатлар сони 19 та бўлса, бугунга келиб уларнинг сони қирққа етган.

Бу каби давлатлар сирасида халқаро ташкилот Гондурас, Покистон, Яман, Ливия ва Бразилияни ҳам тилга олиб ўтади.

Халқаро Матбуот институтининг билдиришича, Россия ва Покистонда кузатилган бир нечта ҳолатларда журналистлар атайдан нишонга олинишган.

2011 йилда ўлдирилган журналистларнинг аксарияти маҳаллий низолар, коррупция ва бошқа ноқонуний фаолиятларни ёритаётган бўлишган.

Халқаро ташкилот жавобгарларни жазога тортиш эҳтимоллари қарийб нолга тенг эканини айтади.

“Жазосизлик ҳисси эса, бу каби қотилликларни янада авж олдиради”.

Ўзбекистонда аҳвол қандай?

Ўзбекистон "Чегара билмас Мухбирлар" ташкилотининг матбуот эркинлиги рўйхатида доимо қуйи ўринларни эгаллаб келади.

Халқаро ташкилотга кўра, "Ўзбек ҳукумати очиқ гапирадиган журналистларнинг овозларини ўчириш учун қамоқ жазолари ва бошқа номақбул муносабатларни қўллайди".

"Чегара Билмас Мухбирлар" ташкилоти сўнгги баёнотларидан бирида, "Ўзбекистонда ҳозир ҳам камида 11 матбуот ходими ҳибсда қолаётгани"ни билдирганди.

Ташкилот 2010 йил якунларига кўра, Ўзбекистонни "Эркин матбуот душмани" рўйхатига тушган 38 та давлат қаторига ҳам қўшганди.

Рўйхатга давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари, қироллар, ҳарбий гуруҳлар, мафия тўдалари ва экстремист ташкилотлар киритилган.

Уларнинг орасида Ўзбекистон президенти ҳам бор.

"Чегара Билмас Мухбирлар" матбуот душманларини ўз қудратидан фойдаланиб цензура киритиш, журналистларни ўғирлаш, қийнаш ва ўлдиришда айблайди.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда матбуот устидан цензура ўрнатилганига оид айбловларни доимо рад этиб келади.

Хўш, бугун Ўзбекистонда журналист бўлиш қанчалар мушкул?

Биз ушбу савол билан Ўзбекистон Давлат телевидениесининг собиқ ходими Малоҳат Эшонқуловага мурожаат қилдик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Халқаро ташкилотлар ва мустақил ўзбек журналистлари айтаётган чекловлар ҳамда цензурага оид гаплар неқадар асосли?

Бугун чиндан ҳам ўзбек журналистлари ёза олмайдиган мавзулар мавжудми?

Биз Ўзбекистон Давлат радиоси журналисти Нарзулла Охунжоновга худди ана шундай савол билан мурожаат этдик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ