Эрон "МРБ жосуси"ни ўлим жазосига ҳукм этди

Амир Мирзо Ҳикматий Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Амир Мирзо Ҳикматий давлат телевидениеси намойиш этган лавҳада МРБ жосуси бўлганини эътироф этган

Эрон маҳаллий матбуотига кўра, Теҳрон маҳкамаси келиб чиқиши эронлик бўлган Америка фуқаросини Марказий Разведка Бошқармаси (МРБ) га жосуслик қилишда айбдор деб топиб, ўлим жазосига ҳукм этган.

Амир Мирзо Ҳикматий "душман мамлакат билан ҳамкорлик қилгани, МРБ аъзолик ва Эронни терроризмга аралаштиришга урингани учун ўлим жазосига ҳукм этилди," дейилади ярим расмий Форс Ахборот Агентлиги хабарида.

Амир Мирзо Ҳикматий ўтган ой Эрон давлат телевидениеси орқали чиқиш қилиб, МРБ жосуси бўлгани ҳақидаги айбловга иқрор бўлган эди.

Аммо жаноб Ҳикматийнинг Америкадаги оиласига кўра, у Эронга ўз бувисини кўриш учун сафар қилган.

Қўшма Штатлар Амир Мирзо Ҳикматийга қўйилган айбловлар сохта эканини айтиб, уни зудлик билан озод этишни талаб қилган.

28 ёшли жаноб Ҳикматий Эрон томонидан АҚШнинг Афғонистон ва Ироқдаги ҳарбий базаларида тайёргарликдан ўтишда айбланган.

Декабр ойида бўлиб ўтган маҳкама чоғида прокурор "жаноб Ҳикматий телевидение орқали чиқиш қилиб, Эрон жосуслик хизматига киришга уринганини эътироф этди," деб айтган.

Форс Ахборот Агентлигига кўра, у маҳкамага МРБ билан алоқалари бўлгани, аммо Эронга зиён етказишни ҳеч қачон ният қилмаганини айтган.

"Мен МРБ томонидан алдандим... Гарчанд Эрон жосуслик хизатига кириш ва МРБ учун янги манба сифатида хизмат қилиш учун тайинланган эсам-да, Эронга зиён етказиш ниятим йўқ эди," - дея жаноб Ҳикматийдан иқтибос келтиради Форс Ахборот Агентлиги.

Аризонада яшовчи жаноб Ҳикматий оиласи унга қўйилган айбловлар уйдирма эканини айтади.

Унинг отаси, Али Ҳикматийга кўра, АҚШ армияси сафларига 2001 йилда қўшилган Амир Мирзо араб тили таржимони сифатида денгиз кучларида хизмат қилган.

Бу мавзуда батафсилроқ