Шимолий Корея янги раҳбарнинг таваллуд кунини нишонламоқда

Ким Чен Ун Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Шимолий Корея тарғибот машинаси Ким Чен Унни аллақачон "даҳолар даҳоси" деб атай бошлаган

Шимолий Корея янги лидери Ким Чен Ун таваллуд топган кунда мамлакат телевидениеси у ҳақдаги ҳужжатли филмни намойиш этди.

Филмда мамлакат олий ҳарбий қўмондони сифатида гавдаланган Ким Чен Уннинг қўшинлар билан билан учрашаётгани ва танкда ўтиргани акс этган.

Филмда, шунингдек, Ким Чен Уннинг марҳум отаси билан ракета парвозини томоша қилаётгани ҳам намойиш этилган.

Ким Чен Уннинг аниқ ёши маълум эмас. Кузатувчилар, унинг ёши 30-ларга яқинлашганини тахмин қилишади.

17 декабрда Ким Чен Ир вафот этиши ортидан, Шимолий Кореяни ким идора этиши мумкинлиги ҳақида саволлар пайдо бўлган эди.

Аммо, орадан бир ойдан камроқ вақт ўтиб, Шимолий Корея давлат матбуоти янги раҳбарни улуғлашни бошлаб юборди, дейди Жанубий Кореядаги Би-би-си мухбири.

"Ҳарбий заковат"

Давлат телевидениеси орқали намойиш этилган ҳужжатли филмда Ким Чен Ун танкни ҳайдаётгани, қирувчи учоқни томоша қилаётгани ва аскарлар билан суратга тушаётгани тасвирланган.

Унда Ким Чен Ун 2009 йилда отаси билан суҳбатлашиб турган лаҳзалар ҳам кўрсатилган.

Ҳужжатли филмда, шунингдек, янги раҳбарнинг отаси сингари фабрикага сафари ва мулозимлар билан суҳбатлашаётгани намойиш этилган.

Шимолий Корея ҳукуматига алоқадор веб саҳифалар янги раҳбарни "улуғ инсонга хос бўлган идрок эгаси, заковатли ҳарбий мутахассис" сифатида тарғиб этишни аллақачон бошлаб юборган, дейди Би-би-си мухбири.

Ким Чен Ун отаси ўлими ортидан "партия, давлат ва армиянинг олий раҳбари" деб номлана бошлади.

У отаси Ким Чен Ир олиб борган ҳарбий сиёсатни давом эттиришини билдирган.

Бу мавзуда батафсилроқ