BBC navigation

Эрон парламент спикери музокаралар учун Туркияга сафар қилди

Сўнгги янгиланиш 11 январ 2012 - 15:45 GMT

Эроннинг махфий сиёсий тизимида Ларижоний жаноблари катта аҳамиятга эга экани айтилади

Эрон парламенти спикери Али Ларижоний ўзаро таранглашиб бораётган алоқалар манзарасида Туркияга келган.

Туркия раҳбарлари Теҳроннинг минтақадаги энг асосий иттифоқчиси бўлмиш Сурия ҳукуматининг аксил-ҳукумат намойишларини зўравонлик билан бостиришини қаттиқ қоралаганлар.

Эрон, шунингдек, Туркиянинг НАТО аксил-ракета мудофаа тизимининг бир қисмига макон бериш қароридан норози.

Ой бошида Туркия Эроннинг ядровий дастури борасидаги халқаро музокараларнинг қайта бошланишига чақирган.

Томонлар бир йил аввал Истанбулда учрашганидан бери ҳеч қандай музокара ўтказилмаган.

Ноқулай қўшничилик

Би-би-сининг Истанбулдаги мухбири Жонатан Ҳеднинг айтишича, жаноб Ларижоний Эроннинг сиёсий тизимидаги энг нуфузли ўйинчиларидан, шундай экан унинг Туркияга сафари катта аҳамиятга эга.

Собиқ ядровий музокарачи сифатида жаноб Ларижоний Эроннинг Ғарб билан музокараларни қайта бошлаш истаги борасида Туркия расмийларига кўпроқ маълумот бериши мумкин.

Икки қўшни мамлакат, шунингдек, АҚШ қўшинлари чиқиб кетиши ортидан Ироқ борасида ҳам келишиб олишлари мумкин. Улар Ироқда рақиб ҳисобланадилар, лекин ёмонлашиб бораётган вазиятда улар ҳамкорлик қилишлари мумкин.

Туркиянинг Сурия ҳукуматига қарши адовати ва НАТО аксил-ракета тизимига мезбонлик қилиш режаси Эроннинг ғазабини қўзғатган, лекин охирги пайтларда Эрон расмийлари Туркия сиёсати борасидаги танқидларини бироз юмшатганлар.

Ўз навбатида, Туркия энергия заҳиралари учун Эронга таяниб қолган - АҚШнинг қаршилигига қарамай, Туркия ўзидаги нефтнинг 30 фоизини Эрондан сотиб олади.

Мухбиримизга кўра, Туркия ва Эрон ўртасидаги муносабатлар ҳар доим ноқулай бўлиб қолади ва ўтган бир йил ичида араб дунёсида юз берган талотўплар бу фарқларни янада катталаштириб кўрсатди. Бироқ, Эрон ҳам, Туркия ҳам охирги йилларда шаклланган ўзаро ишончни қўлдан бой беришни истамайди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.