BBC navigation

Эрик Кантона президентликка номзодини илгари сурмоқчи

Сўнгги янгиланиш 12 январ 2012 - 13:00 GMT

Эрик Кантона молиявий инқироз туфайли қашшоқ аҳолининг ҳуқуқларини бир неча бор ҳимоя қилиб чиқди

Манчестер Юнайтеднинг собиқ аъзоси, футбол юлдузи Эрик Кантона куч-қудратини энди сиёсатга йўналтирган кўринади.

Либерасион газетасига кўра, у 2012 йилги президентлик сайловида қатнашиш учун зарур бўладиган 500та овозни сўраб Франциянинг сайланган ҳокимларига мактуб йўллаган.

Унинг ўзи мақсади Елисей саройини эгаллаш эмас, балки ёмон сифатли уй-жой таъминотига эътиборни қаратиш эканини айтган.

Ўз мактубида жаноб Кантона ўзини миллионлаб унутилган оилалар ҳақида қайғураётган фуқаро дея тасвирлайди.

Либерасион билан суҳбатида 45 ёшли Эрик Кантона спорт соҳасидаги муваффақиятлари ва "артистик фаолиятлари" ҳақида эслата туриб, олдида қўллаб-қувватлаши мумкин бўлган кўплаб ҳайриялар бўлганини айтди. "Лекин, мен уй-жой масаласини танладим, чунки у жуда муҳим ва 10 миллион одамга бевосита таъсир қилади", деди у.

У овози эшитилиши мумкин бўлган даврда бу ҳақида гапириши муҳим экани ва қашшоқ оилаларни уй билан таъминлаш учун курашувчи Abbe-Pierre Foundation (FAP) жамғармаси номидан тарғибот ишларини олиб бораётганини айтди.

FAP ўтган сентябр ойида уй-жойлар аҳволини яхшилаш бўйича кампанияни бошлаган ва 100 мингдан ошиқ имзо тўплашга қодир бўлган.

"Қирол Эрикнинг" фалсафаси

Манчестер Юнайтед ишқибозлари томонидан 1990-йилларда "Қирол Эрик" деб аталган спортчи Олд Траффорддан кетишидан аввал ҳам фалсафий қарашлари билан танила бошлаганди.

1995 йилда бир ишқибозни тепгани учун айбдор деб топилиши ортидан айтган сўзлари кўпларнинг ёдида қолган: "Чайкалар денгизга балиқ ташланади дея умид қилиб балиқчи кеманинг ортидан тушадилар".

У 1997 йилда футбол каръерасига якун ясади ва Кен Лоучнинг "Эрикни излаб" филмида бош ролни ўйнади.

2010 йилда у молиявий инқироз учун банкларни жазолаш учун одамларни банк ҳисобларидан барча пулларини чиқариб олишларига чақирди. Кейин аён бўлишича, ўзининг актриса рафиқаси бир банкнинг телерекламасида рол ўйнаган.

Эрик Кантона сиёсатга аралашаётганига иқтисодий мавҳумлик давридаги масъулият ҳисси туртки бўлганини айтади. Лекин, унинг ташаббуси сиёсатчилар орасида катта дастак йиға олмади.

Президентлик сайловига социалистлар партиясидан номзодини илгари сурган Франсуа Ҳолланднинг воизи Мишел Сапин уй-жой муаммосини ҳал қилиш учун йилига қўшимча 150 минг уй қурилиши кераклигини айтди, лекин Эрик Кантонанинг усулларидан гумонсиради.

"Агар ҳар сафар қайсидир соҳани ҳимоя қилиш учун президентликка номзодингни илгари сураверсанг, унда президентлик аҳамияти ва бу идора роли бузилиб кетиши мумкин", деди у.

Уй-жой таъминоти бўйича вазир Бенуа Аппару уй-жойлар сифатини яхшилаш зарурати борлигини тан олди, бироқ бу муаммо таъсир қилаётган оилалар сони 3,5 миллионга яқин эканини билдирди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.