Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига 'жангарилар ёллаган' шахс маҳкамага тортилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Ҳозир минтақада олмониялик ўнлаб жангариларнинг фаол эканликлари айтилади

Олмониялик қораловчиларга кўра, фақат исми Умид экани айтилган айбланувчи атайдан "Ал-Қоида" тармоғи ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига жангарилар ёллаш мақсадида интернет орқали йигирмадан ортиқ блогдан фойдаланган.

Асли афғонистонлик бўлган 22 ёшли Умид расман интернет орқали жиҳодчи ғояларни тарғиб қилишда айбланмоқда.

Хабарларга кўра, унга нисбатан айбловлар расман шу ой бошида қўйилган ва энди маҳкама ўнгида ҳозир бўлиши кутилмоқда.

Қоралов томонининг билдиришича, Умид Islambruederschaft, яъни " Ислом Биродарлиги" номи остида интернет саҳифа юритган.

Бу саҳифада у ўнлаб видео, фото ва блогларни жойлаштириб, кофирларни ўлдириш ва қонли жиҳодга даъват қилган.

Уларнинг айтишларича, айбланувчи йигирмага яқин блогида атайлаб "Ал-Қоида" ва "Ўзбекистон Исломий Ҳаркати"га аъзоларни жалб қилишга уринган.

Умид ўтган йил июл ойида ҳибсга олинган ва ўшандан бери тергов остида эди.

Олмония матбуоти хабарларига кўра, "Ислом Биродарлиги" веб саҳифаси Facebook ва You Tube каби ижтимоий тармоқларда ҳам мавжуд бўлган.

12 ой мобайнида ушбу веб саҳифа Ўзбекистон Исломий Ҳаракати томонидан тайёрланган видеолавҳаларни нашр этган.

Бу видеоларда олмон тилида сўзлашувчи жангарилар Афғонистон билан Покистон чегара минтақасида фаолият юритувчи ташкилотлари сафига қўшилишга даъват қилганлар.

Олмония Хавфсизлик Кучлари бу каби веб саҳифаларни, шунингдек, Олмониядан хорижга йўл олган радикал ғояларга берилган ёшларни кузатиб келганлар.

Хабарларга кўра, охирги бир неча йил мобайнида Афғонистон ва Покистондаги жангари ташкилотларга қўшилиш учун ҳар ой ўртача беш киши Олмониядан чиқиб кетишган.

Олмониядан исломчи гуруҳлар сафига ёлланганлар " Олмон Толиб мужоҳидлари" гуруҳини тузишгани, ҳозир минтақада олмониялик ўнлаб жангариларнинг фаол эканликлари айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ