BBC navigation

Сурияда француз журналисти ҳалок бўлган

Сўнгги янгиланиш 12 январ 2012 - 10:18 GMT

Жил Жакье араб баҳорини яқиндан ёритган, хусусан Ливиядан хабарлар узатган журналистдир

Франциялик тележурналист Жил Жакье Суриянинг Ҳомс шаҳрида ҳалок бўлган. У Сурияда давом этаётган нотинчликларда нобуд бўлган илк ғарблик журналистдир.

France 2 канали хабар қилишича, у Сурия ҳукумати томонидан ташкил қилинган сафар доирасида Ҳомсда ишлаётган бўлган.

Сурия телевидениеси Жакье нобуд бўлган саккиз кишининг орасида бўлганини билдирди. Унинг ҳамкасби ҳодисадан бир неча дақиқа аввал улар ҳукуматпараст йиғин иштирокчиларини интервью қилганларини айтди.

Мухолифат гуруҳлари чоршанбанинг ўзида 24 киши ҳалок бўлгани, хусусан Ҳомсда 10 киши ўлганини маълум қилганлар.

Франция Ташқи Ишлар Вазири Алан Жуппе ҳодисанинг тўла тергов қилинишига чақирди.

"Биз бу жирканч амални қаттиқ қоралаймиз", деди у ўз баёнотида.

Гувоҳ сўзлари, Би-би-си, Ҳомс

Биз террор ва отишмалар қурбонларини бизга кўрсатмоқчи бўлган оддий сурияликлар ортидан кетаётгандик. Бир граната бинога келиб урилди ва тутун кўтарилди.

Кўпчилигимиз, сурияликлар ҳам бир кўп қаватли бинога югуриб кирдик. Кириб олганимда, менинг француз ҳамкасбим 20 ё 30 метр орқамда эди. Бинога кириб зинадан югуриб чиқаётганимда, гранаталар яна келиб урилаётганди ва бири деразаларни синдириб юборди.

Хонадонларнинг бирига кириб олдим ва бир-икки дақиқа шу ерда яширинишга уриндим... Кейин зинадан пастга югурдим ва қарасам, Жилнинг жасади ётган экан. Кейин атрофда бошқа жасадларни ҳам кўрдим. Биз машинага тезроқ миниб, у ердан кетишга уриндик, чунки у ер жуда хавфли эди. Отишмаларни ҳам эшитдим.

Оврўпо Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича котиби Катрин Аштон ҳам тергов ўтказилишига чақирди.

"Сурия ҳукумати ўз мамлакатида журналистларнинг хавфсизлигини таъминлаш масъулиятига эга", деди у.

Президент Башар ал-Ассад ҳукуматига қарши намойишлар 2011 йил март ойида бошланганидан бери, БМТга кўра, 5 минг одам ҳалок бўлган. Ҳукумат 2 минг аскари ўлгани ва "қуролли гуруҳлар ва террорчилар"га қарши курашаётганини айтади.

Чет эллик журналистларнинг Сурияга кириши кескин чекланган, шундай экан маълумотларни мустақил тарзда тасдиқлашнинг имкони деярли йўқ.

Декабр ойида Араб Лигаси кузатувчилари тинчлик режаси қандай амалга оширилаётганини текшириш учун келишганига қарамай, қотилликлар давом этмоқда.

Ҳафта бошида кузатувчилар ҳужумга учраши ортидан Араб Лигаси Сурияга кўпроқ кузатувчиларни юборишни кечиктираётганини билдирган.

Латакия порт шаҳрида юз берган ҳужумда 11 нафар кузатувчи бироз жароҳат олган.

Айни дамда Қатарда бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида АҚШ Давлат Котиби Ҳиллари Клинтон ва Бош Вазир Шайх Ҳамад Яссим ал-Тани кузатувчилар миссияси нақадар самарали бўлаётганидан шубҳа билдирдилар.

"Очиғини айтсам, шу кунгача бу миссия муваффақиятли бўлмади", деди жаноб ал-Тани.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.