BBC navigation

АҚШ аскарларининг "Толибон жасадларини таҳқирлаган"и текширилмоқда

Сўнгги янгиланиш 12 январ 2012 - 08:50 GMT

Видеони ким ёзиб олгани ёки ким интернетга қўйгани номаълум

АҚШ армияси ўзининг бир гуруҳ аскарлари Толибон жангчилари жасадлари устидан сияётганини намойиш қилувчи видеони текшираётганини билдирган.

АҚШ Денгизчи Кучлари интернетга оширилган лекин ҳали тасдиқланмаган мазкур клипда намоён бўлган амаллар уларнинг ҳарбий қадриятларига мос эмаслигини айтишган.

Видеоклипда ҳарбий устбошдаги тўрт эркак киши афтидан жонсиз бўлган уч кишининг устидан сияётгани кўринади.

Улардан бири "Кунинг яхши ўтсин, ошна" дейди.

"Жирканч ва ноахлоқий"

Ерда ётган эркаклар қорачадан келган, оёқяланг, кийимлари кенг. Улардан бири қонга беланган.

Видеони ким ёзгани ёки ким интернетга оширгани номаълум.

Ҳарбий устбошдаги кишилар видеога ёзиб олинаётганларидан бохабар кўринадилар.

Пентагон воизи Капитан Жон Кербининг баёнотида қуйидагилар айтилган: "Биз бу видеодан жуда безовта бўлдик. Булар ким бўлса ҳам ва қандай шароитда амал қилган бўлсалар ҳам, бу ўта қўпол амал ва ҳарбий хизмат аъзоси учун ўта номақбул."

АҚШ Денгизчи Кучлари ҳам шунга ўхшаш баёнот билан чиқди: "Намоён бўлган амаллар бизнинг энг асосий қадриятларимизга мос эмас ва Денгиз Кучларининг тарбиясидан дарак бермайди. Бу ҳол тўла тергов қилинади."

Афғонистондаги Толибон воизи Би-би-си билан суҳбатда ўз ҳаракати бу амални қаттиқ қоралашини айтди. "Бу инсон қиладиган иш эмас. Бу ёввойи амал ва бу ҳақида гапириш биз учун уят", деди Толибон воизи.

Афғон парламенти аъзоси Фавзия Кофи оддий афғонлар Толибон борасида қандай фикрда эканликларига қарамай, барибир бу видеодан ҳафа бўлишларини айтди.

"Гап бу ерда инсон ҳақида, инсонга ҳурмат ҳақида кетмоқда", деди у Би-би-сига.

Америка-Исломий Алоқалар Кенгаши мазкур видео умуман АҚШ ҳарбийлари тарбиясидан дарак бермаслигини айтди.

"Бу жирканч, ноахлоқий видео. Ҳеч қандай ҳарбий буни кўриб ғурурланмайди, айниқса Америка ҳарбийси", деди кенгаш воизи Иброҳим Ҳупер Би-би-сига. "Бу халқаро уруш қонунларига қарши, ундан ташқари Америка ҳарбий адлия қонунларига қаршидир."

Воиз ўз ташкилоти АҚШ Мудофаа Вазири Леон Панеттага мактуб йўллаб, ундан зудлик билан тергов ўтказишни сўраганини билдирди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.