Россия билан Украина пишлоқ устидан тортишиб қолишди

Image caption Россия расмийларига кўра, Украина пишлоғининг сифати паст...

Москва Украинадан импорт қилинган пишлоқ сифатини танқид қилганидан сўнг икки ўртада дипломатик можаро келиб чиқди.

Россия расмийларига кўра, Украинадан келтириладиган пишлоқ мамлакатдаги озиқ-овқат сифати стандартларига тўғри келмайди.

Украина ушбу изҳорот ортидан Москванинг узр сўрашини талаб қилмоқда.

Пишлоқ устидан тортишув Россия билан Украина ўртасидаги муносабатлар шундоқ ҳам совуқлашган даврда рўй бермоқда.

Би-би-сининг Москвадаги мухбирига кўра, Россия расмийларининг қўшни давлатлар билан дипломатик можароларга иштаҳаси ҳеч сўнмайдиган кўринади.

Бир неча йил аввал Гуржистон виноси ва минерал суви импортига "зарарланган", дея тақиқ қўйилганидан сўнг икки ўртада муносабатлар янада совуқлашганди.

Молдова билан сиёсий алоқалар таранглашган вақти бирданига молдова виноси ҳам "зарарланган" бўлиб чиқди ва тақиқланди.

Энди Украина пишлоғининг тақдири шундай бўладиган кўринади.

Россия озиқ-овқат санитария бошқармаси расмийсига кўра, пишлоқ таркибида палма ёғи нисбати ҳаддан ташқари кўпмиш.

Тахминларга кўра, Россия расмийларининг бу қадамига Украинанинг Россиядан камроқ газ сотиб олиш ҳақидаги изҳоротлари сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Украина Ташқи Ишлар вазирлиги расмийсининг айтишича, икки ўртадаги муносабатларни озиқ-овқат сифати текширувчилари эмас дипломатлар юритишлари керакдир.