Президент Ассад аксилҳукумат намойишчиларига умумий авф эълон қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Бу Президент Ассаднинг биринчи марта авф эълон этиши эмас

Сурия давлат матбуотига кўра, Президент Башар ал-Ассад 10 ойлик исён чоғида содир этилган барча жиноятлар учун умумий авфни имзолаган.

Авф январ ойи охиригача таслим бўлган армия қочоқлари ва ноқонуний қуролларни топширган тинч намойишчиларга қўлланади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотига кўра, 14 мингдан зиёд инсон ҳибсда ушлаб турилибди.

БМТ Бош Котиби Пан Ги Мун Президент Ассадни зўравонликларга чек қўйиш ҳақида огоҳлантирган.

"Зўравонликни тўхтатинг. Ўз фуқароларингизни ўлдиришга чек қўйинг. Репрессиялар йўли боши берк йўлдир", деб айтган жаноб Пан Байрутда, Араб дунёсидаги демократияга бағишланган анжумандаги чиқишида.

Ўтган йил мартида ғалаёнлар бошланганидан буён Президент Ассад бир неча марта маҳбусларга авф эълон қилганига қарамай, минглаб одамлар ҳануз қамоқхоналарда қолмоқда, деб ишонилади.

Би-би-си мухбирига кўра, сўнгги амнистия зиддиятга ечим таклиф қилмайди.

Ҳарбий мудохала

БМТга кўра, ҳозиргача зўравонликларда 5 мингдан ортиқ инсон қурбон бўлган.

Ўтган йил 26 декабрида Араб Лигаси миссияси Сурияда ўз ишини бошлаганидан буён 400 дан зиёд инсон ўлдирилган.

Ҳукумат кучларининг репрессияларига қарамай, Сурия бўйлаб ўн минглаб инсонлар Ассад тузумига барҳам бериш чақириқлари билан кўчаларга чиқишда давом этмоқда.

Ўтган ҳафта Президент Ассад яна бир марта хорижий кучларни Сурияни беқарорлаштиришга уринишда айблаган ва "террорчиларни темир қўл билан янчиб ташлашга" ваъда берган.

Шанба куна Қатар подшоси Шайҳ Ҳамад бин Халифа Ал Соний араб давлатлари Сурияга қўшин юбориши кераклигини айтган.

"Одам ўлдиришларга чек қўйиш учун қўшин юборишга эҳтиёж бор", деб айтган у Америка телеканалига берган интервюсида.

Қатар подшоси Сурияга ҳарбий аралашувга чақирган биринчи араб раҳбаридир.

Бу мавзуда батафсилроқ