Абу Қатада Иорданияга депортация этилмайдиган бўлди

Абу Қатада
Image caption Абу Қатада 1993 йилдан буён Британияда истиқомат қилади

Радикал имом Абу Қатада Оврўпо Инсон ҳуқуқлари маҳкамасида Британиядан Иорданияга экстрадиция қилинишига қарши ишда ютиб чиқди.

Абу Қатада Британияда "ҳақиқатдан ҳам хавфли шахс" деб кўрилади ва Британиянинг "ал-Қоида" билан алоқага эга радикаллари қаторида эътироф этилади.

Оврўпо Инсон ҳуқуқлари маҳкамаси, шунингдек, Абу Қатадани маҳкамага тортилиши эҳтимоли билан огоҳлантирилди.

Эндиликда Британия ҳукумати маҳкама қарорига қарши сўнгги бор арз қилиш ҳуқуқига эга.

Бу арзнома уч ой ичида топширилиши керак. Агар Британия ҳукумати аппелляцияга қўл урмаса, унда Абу Қатадани ҳибсдан озод этишига тўғри келади.

Қатадага Иорданияда террорга алоқадор қатор айбловлар билан ҳукм ўқилган.

Унинг айтишича, бу айбловлар бошқалардан қийноққа солиб олинган кўрсатмаларга асосланган ва агар у қайтариладиган бўлса, ўзига нисбатан ҳам ёмон муносабат қилинади.

Британия эса Иордания билан бу мамлакатдан қайтариб юбориладиган шахсларнинг инсон ҳуқуқлари ҳимоя этилишига доир меморандум имзолаган эди.

Страстбург маҳкамаси айни келишувни эътироф этди.

Аммо ҳакамлар токи Абу Қатадага қарши бировлардан қийноқ орқали олинган маълумотлар қўлланилиши эҳтимоли сақланиб қолар экан, уни Иорданияга жўнатмаслик керак, деган фикрда собит қолишди.

Фаластин ва Иорданиялик бўлган Абу Қатаданинг беш фарзанди бор ва у ўтган олти йил давомида ўзини Британиядан Иорданияга жўнатилишига қарши курашиб келар эди.

2007 йилда у муҳожирлар ишини кўриб чиқадиган махсус комиссияга бу борада қилган мурожаати рад этилганди.

Бу Британия ҳукумати учун катта муваффақият сифатида кўрилган эди.

Чунки бу Британия ҳукумати бошқа мамлакатларда террорчиликда гумон этилганларни Британия маҳкама тортмаслиги керак деган стратегияси учун яхши бир хабар эди.

Абу Қатада 1993 йилда Британияга келиб бошпана сўраган, бунгача Покистоннинг Афғонистон билан чегарага яқин бўлгасида истиқомат қилган.

Орадан бир йил ўтиб, унга Британияда бошпана берилганди.