Британия "жосуслик тоши"ни ишлатганини тан олди

"Жосуслик тоши" Фото муаллифлик ҳуқуқи Euronews
Image caption "Жосуслик тоши" атрофидаги жанжал Британия ва Россия муносабатларини совуқлаштириб юборди.

Би-би-си телевизион канали орқали пайшанба куни намойиш этиладиган "Путин, Россия ва Ғарб" ҳужжатли филмида, Британия собиқ Бош вазири Тони Блэйр девонининг бошлиғи Жонатан Пауэлл Москвадаги "жосуслик тоши" воқеаси ҳаққоний эканини эътироф этган.

Британиянинг Москвада маълумот тўплаш учун "жосуслик тоши"дан фойдалангани ҳақидаги айбловлар дастлаб Россия телевидениеси орқали намойиш этилган эди.

Ичига маълумот узатгич ўрнатилган "жосуслик тоши" 2006 йил бошида "Россия" телеканали орқали Британия разведкаси фаолиятига оид видео лавҳада кўрсатилган эди.

Ўшанда Россия Федерал хавфсизлик хизмати "Муваффақиятли амалиёт натижасида Москвада Британия элчихонасида ишлаган Британия разведкасининг тўрт ходими фаолиятига чек қўйилди," дея баёнот берган эди.

"Россия" каналининг "Специальный корреспондент" дастурида Россия махсус хизматлари ходимларининг айтишларича, ташқи кўринишидан оддий тошдек кўринган махфий маълумот узатиш нуқтасини топишга муваффақ бўлишган.

Уларга кўра, маълумотлар мазкур ускунага узатилган ва ундан чўнтак компьютерлари воситасида қабул қилиб олинган.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходимларига кўра, шу йўл билан британ махсус хизматлари билан алоқага чиқишга уринган бир маҳаллий фуқарони қўлга олишган.

Кўрсатувда тезкор амалиётлар чоғида яширин йўл билан ёзиб олинган лавҳалар ҳам ўрин олган.

Би-би-си айни дастур юзасидан Россия Федерал хавфсизлик хизмати билан боғланган, бироқ улар намойиш этилган лавҳаларни шарҳлашдан бош тортишган.

2006 йилда Британия Ташқи ишлар вазирлиги илгари сурилган айбловлардан "лол ва ҳайрон" эканини айтган эди.

Британия Бош вазири Тони Блэйр ўз навбатида "жосуслик жанжали" ҳақида телевизион хабарлардан эшитганини билдирганди.

"Мендан "Биз хавфсизликка боғлиқ масалаларга ҳеч қачон изоҳ бермаймиз" деган гапни эшитасиз, холос", – деб айтганди Британия бош вазири мухбирларга. – Бу ҳақда қанча кам гапирсак, шунча яхши".

Энди эса собиқ бош вазирнинг асосий маслаҳатчиларидан бири "тош" ҳақиқатдан ҳам бўлганини тан олди.

Пауэллнинг айтишича, тошга боғлиқ ҳодиса Британияни ноқулай аҳволга солиб қўйганди. Лекин "улар бизни ушлаб олишганди", илова қилди Тони Блэйрнинг собиқ маслаҳатчиси.

"Афтидан, улар буни анча олдин билишган ва қулай сиёсий фурсатни кутиб туришган", – деди Пауэлл "Путин, Россия ва Ғарб" ҳужжатли филмига берган интервюсида.

Россия ички ишларига аралашиш

"Биз уларни жосуслик алоқалари ва қатор нодавлат ташкилотларини молиялаганликлари устида илк бор "қўлларидан" ушлаб олдик," – дея баёнот берганди Россия Федерал Хавфсизлик Хизматининг расмий вакили Сергей Игнетченко 2006 йилда . – Ушбу молиявий ёрдам қайси мақсадларга йўналтирилганини диққат билан ўрганиб чиқиш керак".

Жанжал қизиган пайти Россия ва Ғарбда кўпчилик "тош" ҳақидаги воқеани нодавлат ташкилотларига босим ўтказиш учун баҳона деб қабул қилган эди. Жанжал оқибатида Россия ҳудудида нодавлат ташкилотлар фаолиятига оид тартиб мураккаблаштирилди.

Ўшанда Владимир Путин нодавлат ташкилотлар фаолиятига оид қонунчиликни ўзгартиришдан мақсад Россия ички ишларига хорижий давлатлар аралашувини чеклаш эканини айтди.

"Путин, Россия ва Ғарб" номли тўрт қисмдан иборат телефилмда дунёнинг етакчи сиёсатчилари Владимир Путиннинг ҳокимиятга келиши ҳақида ҳикоя қилишади.

Бу мавзуда батафсилроқ