Туркия Францияга қарши санкция қўллаш билан таҳдид қилмоқда

Франция парламенти Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Франция парламенти қуйи палатаси 1915 йил Туркия шарқида юз берган ҳодисаларни қатлиом деб тан олган

Туркия, агар Франция Сенати арманилар қатлиомини инкор этганларни жазолаш ҳақидаги қонунни тасдиқласа, Францияга қарши "доимий санкциялар"ни жорий этиш билан таҳдид қилди.

Туркия 1915 йилда юз берган ҳодисаларни ҳукуматнинг арманиларни йўқ қилишга қаратилган сиёсат эмас, балки уруш натижаси деб билади.

Франция 1915 йилда арманилар турклар томонидан қатлиом қилинган деб аллақачон расман тан олган.

Шу туфайли охирги йилларда Франция ва Туркия ўртасидаги алоқалар анча совуқлашди.

Бундан ташқари Франа президенти Николя Саркози Туркиянинг Оврўпо Иттифоқига аъзо бўлиб киришига кескин қаршилик билдириб келади.

Агар Франция Сенати қатлиомни рад этишни жиноятга тенглаштиришни назарда тутган қонун лойиҳасини тасдиқласа, Туркия ҳукумати кескин чоралар кўриш билан таҳдид қилмоқда.

Бундай чоралар жумласига Франциядан элчиларини чақириб олиш ва Туркиядаги француз ишбилармонларига қўшимча тўсиқларни яратиш киради.

Расмий Анқаранинг айтишича, бундан бир асрча муқаддам Туркия шарқида арманиларга нима бўлгани юзасидан ҳукм чиқариш тарихчилар ихтиёрига топширилиши керак сиёсатчиларга эмас.

Туркия ҳукуматига кўра, янги қонун Францияда сўз эркинлигини чеклаб қўяди.

Франция президенти Николя Саркози Туркия Бош вазирига мактуб йўллаб, қонун бирор мамлакатга қарши қаратилмаганини қайд этган.

Жаноб Саркозига кўра, ушбу қонун арманилар тарихидаги мудҳиш даврга ойдинлик киритади.

Францияда ярим миллионга яқин армани истиқомат қилади.

Яқин Шарқдаги ҳодисалар Франция ва Туркияни яна яқинлаштира бошлаган эди.

Ҳам Туркия ва ҳам Франция Сурия мухолифатини очиқча қўллаб-қувватлаган давлатлар ҳисобланишади.

Аммо арманилар масаласида Туркия ўта қатъий мавқеъни эгаллаган.

Бу мавқеъ уларнинг Сурия масаласида ҳамкорлик истиқболларини йўққа чиқариди.

Бу мавзуда батафсилроқ