Жулиан Ассанж Russia Today телеканалида бошловчилик қилади

Жулиан Ассанж Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Швеция прокуратураси Жулиан Ассанжни аёлларни зўрлаш ва фаҳшга мажбурлашда айбламоқда

Wikileaks веб саҳифасининг асосчиси Жулиан Ассанж Russia Today телеканалида кўрсатув бошловчиси бўлади.

Бу ҳақда Russia Today раҳбари Маргарита Симоньян чоршанба куни ўзининг Twitter микроблогида маълум қилди.

"Мен декабр ойида ёзган муаллиф шу бўлади, - деб ёзади Маргарита Симоньян. - Ўз телеканалимизда бирорта шоу кўрсатувни бунчалик ҳаёжон билан кутмаган бўлсам керак".

Америка дипломатлари ва ҳарбийлари ўртасидаги махфий ёзишмаларни чоп этиш билан ном таратган Wikileaks сайтининг асосчиси ҳозирда чиқиб кетмаслик шарти билан Британияда турибди.

Russia Today телеканали матбуот хизматининг хабар беришича, режага мувофиқ, Жулиан Ассанж 10 та 26 минутлик кўрсатувни олиб боради.

"Ғоя муаллифи ва кўрсатув бошловчиси Жулиан Ассанж сиёсатчилар ва инқилобчилар билан суҳбатлар уюштиради," дейилади телеканал баёнотида.

Russia Today раҳбари Маргарита Симоньяннинг Twitter орқали маълум қилишича, Жулиан Ассанж қайси телевизион каналда шоу олиб боради деган мавзудаги баҳсга Fox News телевидениеси эфир вақтидан етти минут ажратган.

"Ноғора садоси, жиддий чеҳра... Жулиан Ассанжнинг биринчи телевизион шоу кўрсатуви бизда чиқади!", - деб ёзади Симоньян.

Шунингдек у Жулиан Ассанж билан келишиб олиш учун атайлаб Лондонга борганини ёзган.

Феврал ойида Британия Олий Маҳкамаси Жулиан Ассанжни Швецияга экстрадиция қилиш қарорига қарши тайёрланган шикоят аризасини кўриб чиқади.

Швеция прокуратураси Жулиан Ассанжни зўрлаш ва фаҳшга мажбурлашда айбламоқда.

Wikileaks асосчисининг телевизион шоу дастури "унинг ўзи севган мавзу - баҳсли мавзуларга қаратилади", дея хабар беради Russia Today.

Россия ҳукумати томонидан молияланувчи Russia Today телевизион канали инглиз, испан ва араб тилларида ёйинланади.

Russia Today дастурларини дунёнинг қатор мамлакатларида кабелли телевизион тармоқлар орқали томоша қилиш мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ