BBC navigation

Дунёнинг энг қудратли армияси қисқартиришга юз тутадиган

Сўнгги янгиланиш 27 январ 2012 - 11:47 GMT

Кичикроқ қўшинлар урушлардан кўра, Осиё Тинч уммон ҳавзаси давлатлари ва Яқин Шарқда барқарорликни таъминлаш амалларига кўпроқ эътибор қаратади

Кичикроқ қўшинлар урушлардан кўра, Осиё Тинч уммон ҳавзаси давлатлари ва Яқин Шарқда барқарорликни таъминлаш амалларига кўпроқ эътибор қаратади

Суратни катталаштириш

Америка ўз армиясини 100 000 ҳарбийга озайтирмоқчи ва Мудофаа вазири Леон Панетта таъбири билан айтсак, кичикроқ ва эпчилроқ қўшинлар яратмоқчи...
Келаси ўн йил давомида кечажак ушбу қисқартиришлар, янги режаларга кўра, ярим триллион молиявий камайтириш деганидир.

Мудофаа вазирининг билдиришича, кичикроқ қўшинлар Ироқ ва Афғонистон каби урушлардан кўра, Осиё Тинч уммон ҳавзаси давлатлари ва Яқин Шарқда барқарорликни таъминлаш амалларига кўпроқ эътибор қаратади.

Режага мувофиқ, келаси 5 йилда армия кучлари сони 570, 000дан 490, 000га туширилиши кутилмоқда. Денгизчи кучлар сафи эса, 20, 000га қисқаради.

Ҳарбийлик бюджети кейинчалик ўсиши, аммо бу секин суръатда кечиши, 2017 йилга бориб 567 миллиардга чиқиши мумкинлиги айтилади.

Мудофаа вазири Леон Панетта: "Биз 21-асрда рўбарў келишимиз мумкин бўлган таҳдидларга жавоб беришга тайёр ва ҳушёр туришимиз учун зарурий бўлган режани ишлаб чиқдик. Мен бу келажакдаги қудратимиз гарови бўлади деб ўйлайман. Ушбу режанинг камчиликлари борми? Хулоса чиқариш сиздан бўлсин", - деб айтди.

Паннета жанобларига кўра, Қўшма Штатлар F-35 русумли ҳарбий учоқларни сотиб олишда давом этади. Бироқ, унинг айтишича, овозсиз учувчи қирувчи учоқлар савдоси сустлашиши мумкин.

Аввалроқ, Би-би-си Вашингтондаги шарҳловчи Бенжамин Фридман билан суҳбатлашиб, ундан Мудофаа вазири Панетта бюджет қисқартиришларида ҳисоб китобларни тўғри қилдим деб ўйлайдими деб сўраган?

Бенжамин Фридман: Йўқ, биз мудофаа бюджетини вазир айтганидан жуда кўпроқ қисқартиришимиз керак эди. Мудофаа вазири бюджетнинг у ёғидан озгина, бу ёғидан озгина кесиб ташлаяпти, холос. Қўшма Штатлар келажакда анча кичик ва камчиқим армияга эга бўлиши зарур.

Би-би-си: Сиз қайси мудофа бюджетининг яна қаерларини қисқартирган бўлардингиз?

Бенжамин Фридман: Биринчи навбатда, пиёда қўшинлари сонини қисқартирган бўлардим. Пиёда қўшинлар сони армиядан 80 мингга ва денгиз кучларидан 20 мингга қисқаради. Лекин, биз яна қўшинлар сонини 2009 йилги ҳолатига қайтардик. 2007 йилдан бошлаб, Қўшма Штатлар Ироқ ва Афғонистондаги уруш учун қўшинлар сонини кескин кўпайтирганди. Армия катталиги, мени ўйлашимча, 2001 йилдан олдинги ҳолатига қайтиши керак. Бунинг учун, денгиз ва ҳаво кучлари сони камайтирилиши керак. Бундан ташқари, ҳарбий маъмурият ва ҳарбий жосуслик хизматларига сарфланадиган маблағлар камайтирилиши лозим.

Би-би-си: Лекин, ҳаракат қисқариш томон бўлмаяптими, сизнингча. Мудофаа вазири эътибор Тинч океани ҳавзаси ва Осиёга қаратилиши зарурлигини айтди. Бу стратегия сизнингча тўғрими?

Бенжамин Фридман: Йўқ. Тўғри, бу Оврўпода қўшинларни ушлаб туришдан анча яхши, албатта. Чунки, Оврўподаги қўшинлар ҳеч нарса қилишаётгани йўқ ҳисоби. Мен Америка Ироқ ва Афғонистондан қўшинларини олиб чиқаётганидан жуда хурсандман. Лекин уларнинг жойи Осиёда эмас, балки Қўшма Штатларнинг ўзида бўлиши керак. Лекин Осиё масаласида биз тўғри йўл тутаяпмиз деб ўйламайман. Хитойни назарда тутиб, Филипинга денгиз қўшинларини жойлаштираяпмиз ва яна 2500 та аскарни Австралияга жойлаштирганмиз. Лекин, Хитойга яқин бўлмагандан кейин бундан нима фойда? Америкада солиқ тўловчилар пули нотўғри сарфланаяпти, менимча.

Би-би-си: Мудофаа бюджети қисқартирилар экан "кибер уруш" соҳасига кўпроқ эътибор қаратилиши қайд этилган. Қўшма Штатлар мудофаа бюджетидан компютер хакерлари ва кибер жосусларига қарши кўпроқ маблағ сарфланиши керак деб ўйлайсизми?

Бенжамин Фридман: Биз бу соҳага бир миқдор пул ажратишимиз керак албатта. Лекин биз аллақачон бу ишни қилаяпмиз. Лекин хакерлик, кибер жосуслик ёки ўғирлик ҳарбийлар эмас, полиция муаммоси. "Кибер терроризм" ҳали катта муаммога айланиб улгургани йўқ. Ҳали ундан ҳеч ким ўлгани йўқ. Муаммони ҳаддан зиёд бўрттириб кўрсатишга уриниш бўлаяпти кўпроқ.

Би-би-си: Пентагон бир вақтнинг ўзида бир неча душманга қарши жанг қилишга тайёр бўлишимиз керак деб айтиб келади. Сиз бундай замонлар ўтди деб ўйлайсизми?

Бенжамин Фридман: Ҳозирда дунёдаги бор душманларимизни ҳисоблайдиган бўлсак, биз ҳозирги армиямиз билан бир неча душманга қарши бир вақтнинг ўзида жанг қилишга бемалол қодирмиз. Бизнинг очиқ душманларимиз йўқ ҳисоби. Бирор мамлакат иккинчи мамлакатни ишғол қилиб олгани йўқ ҳозир. Худо кўрсатмасин, Эронни ва ё Шимолий Кореяни бомбалаш керак бўлса, бунга бемалол кучимиз етади. Шунинг учун, биз мудофаа бюджетини ҳозиргидан ҳам анча кўпроққа сиқартирсак бўлади.

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.