Афғонистон Президенти Карзай Британияга келди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай Бош вазир Девид Камерон билан учрашиш учун Британияга келган.

Раҳбарлар Афғонистондан британ қўшинларини олиб чиқиб кетиш ва 2014 йилдан кейинги ҳамкорлик масалалари мубоҳаса этишади.

Ҳомид Карзай ва Девид Камерон бу борада келишув ҳам имзолашлари кутилмоқда.

Аввалроқ, Карзай жаноблари Францияга борган ва Президент Саркозий билан музокаралар олиб борганди.

Франция Президенти Афғонистондаги қўшинларини 2013 йил охирига қадар олиб чиқиб кетишини эълон қилди.

Ҳомид Карзай эса, жума куни Парижда берган қўшма матбуот анжуманида Франция кучлари Афғонистонни бир йил олдин тарк этган тақдирда, уларнинг ўрнини афғон қўшинлари эгаллаши ҳақида айтди.

"Франция ва бошқа иттифоқчи мамлакатлар ўтган 10 йил асносида катта ёрдам беришди. Мана шу кўмак туфайли Афғонистон янада кўпроқ масъулиятни зиммасига олишга тайёр", деди Карзай жаноблари.

Келишувлар

Image caption Афғонистонда Британия қўшинлари бошқа Оврўпо давлатлариникидан икки баробар кўп

Би-би-си мухбири Девид Лойнга кўра, Афғонистонда британ қўшинлари бошқа ҳар қандай Оврўпо давлатиникидан икки ҳисса кўп, бироқ Франция кучлари яратадиган бўшлиқни тўлдиришга қодир эмас.

Ҳомид Карзай Британия Бош вазири билан Бакингемширдаги Чекерс қароргоҳида учрашади.

Буюк Британия жаноб Карзайнинг Оврўпо сафари давомидаги учинчи манзилидир. У олдин Италия ва Францияда бўлганди.

Мухбиримизнинг айтишича, Ҳомид Карзай Камерон жанобларига Толибон билан эндигина бошланиш арафасида турган тинчлик музокараларига боғлиқ вазият ҳақида маълумот беради.

Камерон жаноблари Афғонистонда зобитларни тайёрловдан ўтказиш ўқув маскани барпо этиш бўйича келишувга имзо чекиши кутилмоқда.

Британия, шунингдек, жанговар қўшинларини олиб чиқиб кетганидан кейин ҳам Афғонистонга ёрдамларини давом эттириш юзасидан ҳам битим имзоланиши кутилади.

Франция қўшинларини олиб чиқиш ваъдалари

Жаноб Саркозий Франция қўшинларини муддатидан олдин чиқиб кетиш ҳақида Каписа вилоятида 4 француз аскарининг отиб ўлдирилиши ортидан эълон қилинди.

Ҳозирда Афғонистонда Франциянинг 3, 600 нафарча ҳарбийси жойлаштирилган.

Париж жорий йил 1, 000 нафар аскарини ватанга қайтармоқчи, 2013 йилдан сўнг эса, бир неча юзгина Франция кучлари қолдирилиши мумкин.

Пайшанба куни чоп этилган сўров натижаларига кўра, француз аҳолиси қўшинларни Афғонистондан жорий йил охиригача бутунлай олиб чиқиб кетишни дастаклашган.

Саркозий жанобларига мухолиф Социалистлар партиясининг бу йилги президентлик сайловларига номзоди Франсуа Олланд агар ҳукуматга сайланадиган бўлса, бу ишни амалга оширишга ваъда бермоқда.

Ҳарбий таҳлилчи Пол Рожерс Би-би-си билан суҳбатда Франция Президенти қарори ортидаги сабаблар ҳақида гапирган:

Пол Рожерс: Менимча, Франсанинг Афғонистондан муддатидан илгари чиқиб кетиш қарори энг аввало президентлик сайловлари билан боғлиқ. Чунки, Президент Саркозий яна бир бор сайловларда иштирок этмоқчи. Унинг сайловлардаги асосий рақиби эса, Франция қўшинларининг Афғонистондаги ҳарбий ҳозирлигига қарши. Устига-устак, яқинда Афғонистондаги Франция аскарлари яна ҳужумга учради. Мана шу икки воқеълик жаноб Саркозий нега бу каби қарорга келгани сабабини изоҳласа керак.

Би-би-си: Демак, сизнингча, Саркозий учун Афғонистондаги вазият, минтақа хавфсизлигидан кўра қайта сайланиш муҳим, шундайми?

Пол Рожерс: Йўқ, жаноб Саркозий учун бу каби масалалар ҳам муҳим. Аммо, бир нарсани назардан қочирмаслик лозим. Ҳозир қатор Оврўпо давлатларида афғон урушидан толиқиш кузатилади. Яъни, улар НАТО режалаганидан эртароқ Афғонистондан чиқиб кетиш ҳаракатига тушиб қолишган. Шунинг учун ҳам, Франциядаги сайловлар билан бирга Оврўподаги умумий кайфиятни бирга қўшиб қаралса, Франция ҳукуматининг қарорини яхшироқ англаш мумкин бўлади.

Би-би-си: Франциянинг сўнгги қарори Афғонистондаги НАТО кучлари тарафидан қандай қарши олиниши мумкин? Бу халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистондаги саъй-ҳаракатларига қанчалик жиддий зарба бўлиши мумкин?

Пол Рожерс: Бу анчайин чалкаш масала. НАТО сўнгги йилларда Афғонистондаги амалиётлари муваффақиятли бўлаётганига ишонади. Аммо, шунга қарамай, Афғонистонда зўравонликлар кўлами ҳануз катта. Ўз ўрнида, Афғонистон жумҳурраиси ҳам хорижий қўшинларнинг мамлакатидан чиқиб кетишини истайди. Аммо бу жараённинг Афғонистон амниятига зарар етказмайдиган шаклда босқичма-босқич кечиши тарафдори. Умуман айтганда, Франциянинг сўнгги қарори НАТО иттифоқининг хавотирларига сабаб бўлмай қолмайди. Чунки, бу иттифоқнинг Афғонистондаги режаларига қарши амал бўлади. Чунки Франсанинг ортидан, бошқа аъзо давлатлар ҳам муддатидан илгари сафарбарлик режасига тушиб қолишлари мумкин. Бу эса, Толибонга ўхшаш исёнчи гуруҳларнинг музокаралар чоғида қўллари баланд келишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Бу кейинчалик Афғонистондаги кучларнинг умумий мувозанатига ҳам таъсир қилиши мумкин. Чунки хорижий кучларнинг сафарбарликлари ортидан, Толибон ҳокимиятда катта қудратга эга бўлиши мумкин. Бу каби ҳолат хорижий ҳукуматларн мамнун қилмаслиги табиий, аммо ўзлари ҳам ушбу масаланинг ҳалллига қодир эмаслар.

Би-би-си: Назарингизда Афғонистондаги Франция қўшинларининг ўрнини ким эгаллаши мумкин?

Пол Рожерс: Уларнинг ўрнини қоплаш мумкин. Аммо, бу - осон иш бўлмайди. Чунки, Афғонистоннинг бошқа ҳудудларидаги қўшинларни у ерга келтириш мушкул масала. Америкаликлар бунга ҳаракат қилиб кўришлари мумкин. Чунки, ўтмишда ҳам бундай тажриба бўлган. Аммо, бошқа томондан, бирор бир Ғарб ёки Оврўпо давлати Афғонистондаги қўшинлари сонини оширмоқчи эмас. Шунинг учун, бу ҳам имконсиз бир иш бўлиши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ