‘Қиз туққани учун бўғиб ўлдирилган’

Image caption Ўз келинини бўғиб ўлдиришда гумон этилаётган қайнона ҳозирча чурқ этиб оғиз очмаган

Афғонистон шимоли-шарқида қиз туққани учун ўз келинини бўғиб ўлдирганлик гумони билан бир аёл ҳибсга олинган.

Ёш жувоннинг ушбу қотилликда қўли борлиги ишонилган эри қочиб қолган.

Ҳодиса бундан уч кун бурун шимолий Қундуз вилоятида юз берган.

Хабарларга кўра, гўдакка ҳеч бир зиён етмаган.

Оилада ўғил фарзанднинг туғилиши Афғонистонда катта қувонч билан қарши олинади.

Аммо қиз боланинг дунёга келиши аксарият ҳолларда бир “юк” сифатида қабул қилинади.

Шунинг учун ҳам эрига ўғил туғиб беролмаган аёлларнинг таҳқирланиши Афғонистонда ғайриодатий ҳолат эмас.

Бошқа томондан, сўнгги ҳодиса афғон аёллари шафқатсиз зўравонликлар қурбонига айланаётган воқеаларнинг биринчиси ҳам эмас.

Яқинда 15 яшар келинчакнинг ўз эри ва унинг яқинлари томонидан тутқунда ушланиб, шафқатсиз қийноққа солингани ошкор бўлганди.

‘Инсониятга қарши жиноят’

Янги қотиллик Қундуз вилоятининг Хонобод туманидаги Маҳфалай қишлоғида юз берган.

Хонобод тумани полиция бошқармаси раҳбари Суфий Ҳабибнинг Би-би-сига айтишича, “марҳума икки ой олдин учинчи қизини туққан бўлган. Кетма-кет уч бор қиз туққани учун эри ва қайнонаси уни бўғиб ўлдиришган”

Расмий маълумотлардан аён бўлишича, эри 22 ёшли Сторийни бўғиб ўлдираётган пайтда, қайнонаси Вали Ҳазрата унинг оёқларини боғлаб ташлаган.

Хабарларга кўра, Сторийнинг эри муайян шахсларнинг сиёсий дастагига эга бўлган ноқонуний қуролли гуруҳнинг аъзоси бўлган.

Қишлоқдошларининг айтишларича, Сторий эрини қўлидан қуролини қўйишга ундаб келган.

“У ҳовли эмас, дўзахда яшарди. Лекин, шунга қарамай, Сторий эрини кўчага чиқиб, жангариларга қўшилишнинг ўрнига, уйда ўтиришга ундарди”, деб айтган қўшниларидан бири Би-би-сига.

Бу каби қуролли гуруҳлар аксарият ҳолларда хотин-қизларга ўз зўравонликларини ўтказишади, ўғрилик ва талончиликларда айбдор, деб кўрилишади.

Афғонистонлик фаоллар кенг оммани огоҳ этиш учун юз берган қотилликка оммавий-ахборот воситаларининг эътиборини тортишган.

Қундуз вилояти Хотин-қизлар бошқармаси раҳбари Нодира Гия, “гуноҳсиз бир аёлга нисбатан шафқатсиз жиноят содир этилган”ини айтган.

Туманнинг диний ва қавмий раҳбарлари ҳам амалга оширилган қотиллик Ислом, инсоният ва аёлларга қарши жиноят эканини айтишган.

Уларнинг барчаси айбдорларнинг зудлик билан жазога тортилишини талаб этишган.

Марҳума жувоннинг ҳибсдаги қайнонаси эса, ҳозирча миқ этиб оғиз очмаган.

Бу мавзуда батафсилроқ