Ғарб давлатларининг Сурияга босими кучаймоқда

намойиш Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption АҚШ Башар ал-Ассад режимининг қулаши муқаррар эканини айтади

Қўшма Штатлар, унинг иттифоқчилари ва Сурия мухолифати вакиллари БМТ Хавфсизлик Кенгашини Сурияда содир этилаётган зўравонликларга "бефарқ" бўлмасликка ва Араб Лигаси тақдим этган сиёсий ечим режасини иложи борича тезроқ тасдиқлашга чақирди.

"Сўнгги 10 ой давомида биз Хавфсизлик Кенгашининг бефарқ қараб турганига гувоҳ бўлаяпмиз. Бу кенгашнинг аксар аъзолари ҳаракат қилишни истамаётганлиги учун юз бераётган йўқ - аксинча," - деди АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Сюзан Райс.

"Бироқ ҳаракат қилишга тайёр бўлмаган Хавфсизлик Кенгашининг жуда ҳам обрўли икки аъзоси бор, - деди у журналистларга. - Афтидан, сабаб шу".

Сешанба куни Ню-Йоркда БМТ Хафсизлик Кенгашининг мажлиси очилади.

Кенгашга аъзо 15 давлат Суриядаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича Араб Лигаси тақдим этган режани кўриб чиқишади.

Сурия ҳукуматининг иттифоқчиси бўлган Россия тақдим этилган резолюцияга ўзгартиришлар киритилиши заурлиги, акс ҳолда вето қўллаши билан таҳдид қилмоқда.

Хитой ҳам айни нуқтаи назарни ҳимоя қилиб чиққан.

Сурияда Башар ал-Ассад режимининг қулаши муқаррар деб ҳисоблаган Қўшма Штатлар эса Хавфсизлик Кенгашига аъзо давлатларни аниқ бир мавқеъни эгаллашга ундамоқда.

Резолюция оҳанги

Хавфсизлик Кенгаши мажлисида АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон, Британия ва Франция ташқи ишлар вазири, Уиллиам Ҳейг ва Алан Жюпе, ҳамда Араб Лигаси Бош котиби Набил ал-Арабийнинг иштирок этиши кутилмоқда.

Сюзан Райс сўзларига кўра, резолюция "анча очиқ" бўлиб, унда қуролли аралашув ёки куч ишлатиш таҳдиди йўқ.

Бироқ Россиянинг баён қилишича, НАТОга аъзо давлатлар 2011 йилда Хавфсизлик Кенгашининг Ливия бўйича резолюциясини тескари талқин қилиб, Муаммар Қаддофий ҳукуматини ағдарииш учун исёнчиларга ёрдам беришганди.

Россия ва Хитой Сурия бўйича резолюцияни қўллаб-қувватлашлари эҳтимолдан йироқ эса-да, ғарблик дипломатлар ушбу мамлакатлар вето қўллашмайди деган умиддалар.

Ҳужжатнинг якуний матнига қандай ўзгартиришлар киритилиши асосий муаммо бўлиб қолмоқда.

Россиянинг резолюция оҳангини юмшатишни талаб қилиши кутилмоқда.

Ҳужжатда Башар ал-Ассаддан ҳукуматни ўз муовинига топшириш ва Сурияга қурол-яроқ сотмаслик талаблари ўрин олган.

Мухолифатдаги Сурия Миллий Кенгашининг бошлиғи Бурҳон Галюн Ню-Йоркда Россия расмийлари билан учрашганини билдирди.

"Русларга бизнинг Ассаддан музокаралар бошлангунга қадар истеъфога чиқишни талаб қилганимиз ёмаслиги аниқ, аммо бизнинг нуқтаи назаримиз Сурия халқи хоҳиш-иродасига асосланган", - деди у.

Галюн шунингдек Хавфсизлик Кенгашини резолюциянинг Оврўпо-Араб лойиҳасини қўллаб-қувватлашга чақирди.

"Халқаро ҳамжамиятнинг бефарқ қараб туриши Ассад Режимини оддий намойишчиларни ўлдиришга ундади холос", - дея баёнот берди Сурия мухолифати раҳбари.

Ғарблик дипломатларнинг Рейтер агентлигига маълум қилишларича, резолюция лойиҳасининг пайшанба ва ё ҳатто жума кунигача овозга қўйилиши даргумон.

Бу мавзуда батафсилроқ