Болливудда гап: 'Шоҳрух Хон мени калтаклади'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Шоҳрух Хон ушбу хабарларга тўғридан-тўғри муносабат билдирмаган

Ҳиндистонлик режиссёр Шириш Кундернинг даъво қилишича, Болливуд юлдузи Шоҳрух Хон "ўзини калтаклаб, сочидан ҳам тортган".

Аммо режиссёр юз берган ҳодиса юзасидан полицияга шикоят қилиш ниятида эмаслигини айтмоқда.

Хабарларга кўра, ҳодиса душанба куни эрта тонгда Мумбай шаҳрида юз берган.

Шириш Кундернинг матбуотга айтишича, Хон ўша пайтда "маст" бўлган.

Шоҳрух Хон ушбу хабарларга тўғридан-тўғри муносабат билдирмаган.

Аммо, tweet қилиб, "уларни кўриб, ўқиб, истеҳзода экани"ни билдирган.

Кундернинг рафиқаси ва таниқли Болливуд режиссёрларидан Фараҳ Хоннинг Indian Express газетига айтишича, Шоҳрух Хон, "эрининг сочидан тутиб, ерга ағдарган, тепкилаб, дўппослаган".

Эр-хотин икковлоннинг даъво қилишларича, Шоҳрух Хон уларни "йўқ қилиш" ва "Болливуддан учириб юбориш" билан таҳдид ҳам қилган.

Фараҳ Хон ҳаммасига эрининг Шоҳрух Хоннинг Ra.One фильми ҳақида ёзган tweetи сабаб бўлганини ҳам тахмин этган.

Унга кўра, Шириш фильмнинг томошабинлар орасида оммабоп бўлмаганига ишора қилган.

Базм иштирокчиларидан айримларининг айтишларича эса, Шоҳрух Хон Шириш Кундер билан шунчаки уришиб қолган.

"Шоҳрух Ҳон унга қўлини теккизгани ҳам йўқ. Фақат уни диванга тақаб бориб, ўз ҳолига қўйишини сўровди", деб айтган Шоҳрух Хонга яқин манбалардан бири.

Аммо, хабарларга кўра, ўзи ҳам ўша базмда иштирок этаётган Санжай Дат икковлонни ажратиб қўйган.

Шундан сўнг униси ҳам, буниси ҳам ўз уйларига йўл солишган.