Cурия армияси Хомс аҳолисини қирғин қилишда айбланмоқда

Бомбаланган бино Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Хомс шаҳрининг артиллерия ҳужумига тутилиши оқибатида 200 дан ошиқ одам ҳалок бўлгани хабар қилинади

Сурия мухолифати фаоллари сўзларига кўра, ҳукумат кучлари Хомс шаҳрини замбараклардан ўққа тутиши натижасида 200 дан ошиқ одам ҳалок бўлган.

Фаоллар Сурия армиясини аёллар ва болаларни қирғин қилишда айблаган.

Би-би-си мухбири Жим Мюирга кўра, Хомснинг бомбаланиши 11 ой муқаддам тартибсизликлар бошланганидан буён Сурияда кузатилган "энг қонли ҳодисадир".

Бироқ мухолифат даъволарини инкор этган ҳукуматга кўра, мухолифат фаоллари Башар ал-Ассад ҳукуматига қарши ташвиқот уришини олиб бормоқда.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Сурия юзасидан релолюция лойиҳасини ҳамон муҳокама этаётир. Россия ундаги айрим бандлардан мамнун эмаслигини билдираётир.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва БМТ Хавфсизлик Кенгашига резолюцияга киритилиши керак бўлган ўзгартиришларни тақдим этган.

Хавфсизлик Кенгаши Сурия резолюцияси юзасидан шанба куни овоз бериши кутилмоқда, аммо жаноб Лавров резолюциянинг айни форматда овозга қўйилиши "жанжал" келтириб чиқаришини айтган.

Суриянинг БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги асосий иттифоқчиси бўлган Россия президент Башар ал-Ассад истеъфосини талаб қилган ҳар қандай резолюцияга вето қўйишини айтган.

Эътирозларга қарамасдан Москва Сурияни қурол-яроқ билан таъминлашда давом этмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ