BBC navigation

Ҳамас ва Фатаҳ муваққат ҳукумат тузиш бўйича келишиб олишди

Сўнгги янгиланиш 6 феврал 2012 - 14:49 GMT

Фаластиндаги икки гуруҳнинг бирлашишига Исроил қарши

Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос бирлашган Фаластин ҳукуматига бошчилик қилишини эълон қилган. У бу ҳақида рақиб Ҳамас ҳаракати раҳбари Ҳолид Мешал билан иккинчи учрашувидан сўнг билдирган.

Бу вақтинчалик ҳукумат Ғарбий Соҳил ва Ғазо бўлгасида сайловлар ўтказилишини тайёрлайди.

Фатаҳ ҳаракати раҳбари Жаноб Аббос ва жаноб Мешал ўтган йил апрелида эришилган ярашув битими ва келгуси ҳукуматга ким бошчилик қилиши борасида Қатарда музокаралар ўтказишмоқда.

Мухбирларимизга кўра, жаноб Аббоснинг роли борасидаги келишмовчиликлар ярашув битимини ҳаётга тадбиқ этилишини қийинлаштириб келаётганди.

Фатаҳ янги ҳукуматдаги вазирлар рўйхати 18 февралда Қоҳирада ўтадиган учрашувда эълон қилишини айтди.

Жаноб Аббос иккала томон ҳам бирлашишга жиддий ёндошаётганини билдирган.

Унинг сўзларини жаноб Мешал ҳам қўллаб-қувватлади. "Биз яраларимизни битиришга жиддий ёндошаётганимизни халқимизга етказмоқчимиз, чунки мақсад - асосий кучимизни Исроил ишғолига қарши курашишга йўналтириш", - деди у.

Ўтган апрелда эришилган битим Ҳамас ва Фатҳ ўртасида Фаластинда юзага келган бўлинишга чек қўйишни кўзда тутган. Тўрт йилдирки Ҳамас ҳаракати Ғазо бўлгасини, Фатаҳ эса Ғарбий Соҳилни бошқариб келишмоқда.

2006 йил январида Ҳамас Фаластин қонунчилик сайловларида ғолиб чиққан. Лекин, март ойида қасамёдга келтирилган ҳукуматни халқаро ҳамжамият тан олмаган.

2007 йил бошида эса Фатаҳ ва Ҳамас ички низоларни бартараф қилиш учун коалиция тузишга келишиб олдилар.

Айни йил июнида Ҳамас Ғазони куч билан эгаллаб олди. Ғазо ва Ғарбий соҳил айри ҳукуматлар назорати остига ўтгач, Исроил ва Миср Ғазо ишғолини янада кучайтирдилар.

Ўтган йил апрелида эришилган битимга биноан, икки тараф муваққат ҳукуматни тузиб, президентлик ва парламент сайловларига тайёрланиши керак эди.

Лекин, Ҳамас ҳозирда Ғарбий Соҳилда бош вазир лавозимида бўлган Салам Файёднинг номзодлигига кескин қарши чиққан.

Сайловлар 2012 йил майида ўтиши мўлжалланганди, лекин Фаластин сайлов комиссияси энди кўпроқ вақт керак бўлишини айтаётир.

Исроил Фаластинда бирлашган ҳукумат тузилишига қарши. У Ҳамасни террорчи ташкилот деб билади.

АҚШ, Россия, Оврўпо Иттифоқи ва БМТдан тузилган Яқин Шарқ тўртлиги Ҳамас зўравонликни қоралаши, Исроилни тан олиши ва Исроил-Фаластин келишувини қўллаб-қувватлаши керак дейди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.