BBC navigation

Сурия қўшинлари Ҳомсни тўхтовсиз бомбардимон қилмоқда

Сўнгги янгиланиш 6 феврал 2012 - 09:08 GMT

Ҳомсда оммавий дафн маросимлари давом этмоқда

Суриянинг Ҳомс шаҳрини оғир қуроллардан отилаётган ўқлар титратмоқда. Исёнчи жангчилар назорати остида бўлган шаҳарни ҳукумат қўшинлари қайтиб олишга уринмоқда.

Би-би-сининг Ҳомсдаги мухбирига кўра, ҳужумлар душанба куни тонги 06:00да яна авж олган ва портлашлар овози тинмаяпти.

Исёнчилар ҳукумат қўшинлари касалхонани нишонга олишаётганини айтишган. Улар автоматик қуроллар билан ўзларини мудофаа қилишга уринишмоқда, лекин бу иш бермаётган кўринади.

Бу аксилҳукумат намойишлар 11 ой бошланганидан бери энг қонли ҳужумлардан бири бўлмоқда.

Сурия Президенти Башар ал-Ассадга мухолиф томонлар БМТда Дамашқни қораловчи резолюцияга Россия ва Хитой қарши чиққанидан ғазабдалар.

Аксилҳукумат фаол Би-би-сига ҳукумат Ҳомсда тикучарлар ва танкларни қўллаётганини билдирди. Душанбанинг ўзида 15 киши ҳалок бўлгани айтилади.

Мухбиримизга кўра, ҳукумат снайперлари ўқидан қўрққан одамлар жасадларни тунда дафн этишмоқда.

Фаоллар якшанба куни камида 28 оддий фуқаро ҳалок бўлганини айтишди.

Қўли боғлиқ БМТ

Баъзи сурияликлар Хитой ва Россиянинг шанба куни БМТ резолюциясига қарши вето эълон қилишлари расмий Дамашқ босимини янада кучайтиради деган ҳавотирдалар. Резолюция Ассадни қудратдан кетишига чақириши кутилганди, бироқ қабул қилинмади.

Мамлакатдаги энг йирик мухолифат гуруҳи бўлмиш Сурия Миллий Кенгаши Россия ва Хитой Сурияда авж олиб бораётган қотилликларга жавобгар эканликларини айтган.

АҚШ Давлат Котиби Ҳиллари Клинтон ветони қоралаб, Сурия мухолифатига дастагини изҳор қилди.

Хитой матбуоти Пекиннинг қарорини қўллаб-қувватлаган, ҳамда Ғарбни Суриядаги тузумни мажбуран ўзгартиришга уринишда айблаб, Афғонистон, Ироқ ва Ливия мисолларини келтирган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ўтган март ойида намойишлар бошланганидан бери Сурия қўшинлари 7 мингдан ошиқ оддий одамларни ўлдирганини айтишади. Президент Ассад маъмурияти 2 минг аскар террорчи гуруҳларга қарши жангда нобуд бўлганини айтиб келмоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.