Ал-Қоиданинг нуфузли раҳбари ўлдирилган

drone Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Американинг учувчисиз ҳаво ҳужумлари давомида юзлаб одамлар ҳалок бўлган

Покистон маҳаллий расмийларига кўра, Ал-Қоиданинг юқори мартабали раҳбарларидан бўлган Бадар Мансур Американинг учувчисиз учоғи томонидан қилинган ҳужуми пайтида ҳалок бўлган.

Ҳужум шимолий Вазиристоннинг қўшни Афғонистон билан чегара Мироншоҳ ҳудудида содир этилган.

Бадар Мансур Покистон ва ундан ташқарида ўнлаб инсонларни ўлдирганликда гумон қилинган шахслардан бўлган.

Агар бу маълумот тасдиқланса, унинг ўлими Американинг учувчисиз содир этиладиган лойиҳаларини оқлайдиган ўлим деб қаралади.

Ал- Қоида Бадар Мансурнинг ўлимини расман тасдиқламаган. Бироқ Франс пресс ахборот агентлиги Мансур исмли жангарининг ўлими ҳақида хабар тарқатган.

Покистон расмийлари Бадар Мансур эрта тонгда ўлдирилган камида тўртта жангаридан бири бўлганини айтишган.

Бадар Мансур ўз фаолияти давомида Ҳаракат-ул-мужоҳид, Покистондаги толибон ва Ал-Қоида гуруҳларида ҳал қилувчи раҳбарлардан ҳисобланган.

Би-би-сининг Исломободдаги мухбири Олим Мақбулга кўра, Бадар Мансур янги жангарилар ва ҳудкуш ҳужумчиларни тайёрлаш ва ҳужумлар уюштиришни бошқарган.

Жумладан, Покистоннинг Лаҳоридаги Аҳмади мусулмон жамоасига қилинган ҳужум оқибатида камида 90 инсоннинг ўлимида гумон қилинган.

Покистон хавфсизлик ходимлари шимолий Вазиристондаги ҳужум оқибатида 10 нафар жангари ўлдирилганини айтишган.

Бу каби ҳаво ҳужумлари Покистонда омманинг ғазабини қўзғатган. Мамлакат мустақиллигига дахл сифатида қораланган.

Мухбирларга кўра, Америка бу ҳужумларни мамлакатда уюштиришига Покистон расмийлари хайрихоҳдирлар.

Ўтган ойда Америка президенти Барак Обама учувчисиз бошқариладиган самолётлардан Покистоннинг жангарилар жойлашган ҳудудларда фойдаланишни ёқлаб чиққан эди.

Америка кейинги йилларда учувчисиз учоқларда содир этилган ҳужумларда юзлаб одамлар ўлдирилгани ҳақида аслида ҳисоб бермайди.

Ўлдирилганлар орасида Ал-Қоида ва Толибоннинг юқори мартабали раҳбарлари, шунингдек ноаниқ сондаги жангарилар ва тинч фуқаролар бўлган.