Москва: қотилликнинг катта қисми муҳожирлар ҳисобига тўғри келади

russia_migrants Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Муҳожирлар орасида жиноятнинг расмий ҳисоботи геополитик вазиятга ҳам боғлиқ бўлади

Москвада ўта оғир жиноятларни содир қилиш ўтган йил ҳисобида 12 фоизга ошган.

Бу ҳақда Москва Қидирув қўмитасининг бош қидирув бошқармаси бошлиғи Вадим Яковенко ҳисобот берган.

" 2011 йилда юз берган ҳар еттинчи қотиллик ва ҳар учинчи жинсий зўрлаш муҳожирлар, асосан собиқ иттифоқ республикаларидан келган одамлар томонидан содир қилинган.

Умуман олганда меҳмонлар энг оғир жиноятларни келтириб чиқарган" деган жаноб Яковенко.

Рус миллатчилари, жумладан ноқонуний муҳожирликка қарши ҳаракат аъзолари жиноятларнинг катта қисмини четдан келганлар содир этган, деб таъкидлашган.

Лекин муҳожирлар ўртасида жиноятчиликнинг ошгани ҳақидаги хабарлар вазиятни ойдинлаштирмайди.

Энг кескин фикрлар ўтамиллий кайфиятдагилар намойишида янграса, расмий хабарлар ҳам унчалик аниқ эмас.

2009 йилда Москва прокурори бўлган Юрий Семенга кўра, муҳожирлар пойтахтда ҳар учинчи қотилликни содир этишади.

Федерал муҳожирлик хизматининг бошлиғи Константин Ромодановский эса, " Агар бармоқ билан ҳисоблаганда:100 та жиноятнинг фақат уч-тўрттасини муҳожирлар, 96-97 тасини россияликлар содир этишади",дейди.

2011 йилда прокурор қилиб тайинланган Сергей Куденев "Чет эллик фуқаролар Москвада ҳар бешинчи жиноятни содир этишади.

Ҳар иккинчи зўрлаш, ҳар учинчи безорилик, ҳар бешинчи ўғирликни қилишади", деб айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Владимир Путин муҳожирларнинг нотабиий ҳаракатларига нисбатан кескин жавоб беришга чақирган

Муҳожирларнинг жиноят содир қилиши ошганлигини таъкидлаган Қидирув қўмитаси бошлиғи Александр Бастрикин ҳеч қандай аниқ рақамни кўрсатмайди.

Ўз навбатида Федерал муҳожирлик хизмати бошлиғи Константин Ромадоновский муҳожирларнинг жиноят қилиши ошганлиги ҳақидаги гаплар "қип-қизил популизм" дан бошқа нарса эмаслигини билдирган.

Муҳожирлар орасида жиноят содир этилишининг расмий ҳисоботи геополитик вазиятга қараб ҳам белгиланади.

Жумладан, Москва ва Тбилиси ўртасидаги келишмовчиликлар пайтида Россия ҳуқуқни ҳимоя қилиш ходимлари Грузиядан келган муҳожирлар орасида жиноят қилиш ошганини эълон қилишган.

Тожикистонда россиялик учувчилар билан боғлиқ можаро пайтида шу аниқ бўладики, тожик муҳожирлари Москвада энг кўп жиноятни содир қилишади.

Шу билан бирга Россияга қўшни давлатлар ўз фуқароларига нисбатан Москвада ҳужумлар бўлаётганидан хавотир билдиришган.

2010 йил охирида Москва ва Россиянинг бошқа шаҳарларида миллатчилик руҳидаги ҳаракатлар кенг тарқалган.

Сайловолди жараёнида бир қанча Россия сиёсатчилари ўз сайловолди дастурларига кўпроқ миллатчилик кайфиятини сингдиришга ҳаракат қилишган.

Хусусан, "Ягона Россия" партиясидан президентликка номзоди қўйилган Владимир Путин муҳожирларнинг " нотабиий, тарбиясиз, агрессив ҳаракатларига" нисбатан кескин жавоб беришга чақирган.

Жаноб Путин шунингдек, муҳожирлик талаб ва меъёрларини ошириш, унга амал қилмаганларни жиноий жавобгарликка тортишни таклиф қилган.