Покистон Олий маҳкамаси бош вазирни чақирмоқда

gilani_pakistan Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Юсуф Ризо Ғелоний айбдор деб топилса, у давлат лавозимини эгаллаши тақиқланиши ва қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин

Покистон Олий Маҳкамаси Бош вазир Юсуф Ризо Ғелонийнинг аппелляция аризасини рад этган.

Бу эса маҳкамага ҳурматсизлик кўрсатган деб кўрилаётган бош вазирнинг маҳкама қаршисида ҳозир бўлиши шартлигини англатади.

Олий маҳкаманинг ушбу қарори Покистонда ижроия ҳокимияти билан мамлакат маҳкама тизимини дастаклаётгани айтилаётган армия ўртасидаги сиёсий инқироз тобора чуқурлашаётганининг аломати деб кўрилмоқда.

Бу нарса Бош вазир Юсуф Ризо Ғелоний ҳукуматининг қудратдан кетишига олиб келиши мумкин.

Сўнгги қарори билан Покистон Олий Маҳкамаси ўзининг 2 февралда эълон қилган қарорини кучда қолдирган.

Унда Бош вазир Юсуф Ризо Ғелоний саволларга жавоб бериш учун 13 феврал куни маҳкама қаршисида ҳозир бўлиши кераклиги айтилганди.

Покистон Олий Маҳкамаси жаноб Ғелоний маҳкамага ҳурматсизлик кўрсатди,унинг ҳукумати Покистон маҳкамасининг Президент Осиф Али Зардорийга нисбатан жиноят иши очиш талабини бажармади, демоқда.

Покистон маҳкамаси Бош вазир Юсуф Ризо Ғелоний ҳукумати Швейцария ҳукуматига мурожаат қилиб, Президент Осиф Али Зардорийга қарши коррупция айбловлари билан жиноят иши очишни сўраши лозим, деган мавқеъда.

Покистон ҳукумати аъзоларига кўра, Президент Осиф Али Зардорий давлат раҳбари сифатида жиноий жавобгарлик дахлсизлигига эга, шунинг учун унга нисбатан жиноят иши очилмаслиги керак.

Олий маҳкама эса Покистондаги бирор бир фуқаро қонундан юқорида туриши мумкин эмас, дейди.

Осиф Али Зардорий ҳам, Юсуф Ризо Ғелоний ҳам ҳозирги қудратдаги Покистон Халқ Партияси раҳбарлари ҳисобланади.

Агар жаноб Ғелонийни Олий маҳкама Покистон маҳкамасига ҳурматсизлик кўрсатди деган бандда айбдор, деб топса, у олти ойлик қамоқ жазосига ҳукм этилиши ва давлат лавозимини эгаллаши тақиқланиши мумкин.

Президент Осиф Али Зардорийга қўйилаётган Швейцария банклари билан боғлиқ коррупция айбловлари унинг рафиқаси марҳума Беназир Бҳутто Покистон бош вазири лавозимини эгаллаган 1990 йилларга бориб тақалади.

Покистон маҳкамаси 2003 йилда жаноб Зардорийни сиртдан айбдор, деб топган, бироқ кўплар назарида баҳсли кўрилган.

2007 йилда собиқ президент Парвез Мушарраф томонидан эълон қилинган амнистия туфайли айбловлар олиб ташланган эди.