Афғонистонда ҳарбий тикучар ҳалокатга учраган

afghanistan_helicopter Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Толибон номидан тикучарни уриб туширганлари даъво қилинган баёнот ҳам пайдо бўлган.

Афғонистондаги халқаро кучларга таъминот билан шуғулланадиган ширкат эълон қилишича, Забул вилоятида ўзларига тегишли бўлган тикучар ҳалокатга учрагани оқибатида экипажнинг 4 аъзоси ҳалок бўлган.

Ҳодиса 12 феврал якшанба куни рўй берган.

Тикучар Supreme Group ҳарбий шартномачи ширкатига қарашли бўлган.

"Халқаро кучларга нарсаларни олиб бораётган шартномаси тикучар якшанба куни эрталаб Забул вилоятининг Шинкай туманида ҳалокатга учраган", деб айтган вилоят ҳокими ўринбосари Муҳаммаджон Расулёр.

Жаноб Расулёр сўзларига кўра, ҳалокатга тикучарнинг техник носозлиги сабаб бўлиши мумкин.

Ҳалокат юз берган пайт ҳудудда қийин об-ҳаво шароити бўлган.

Тикучар халқаро кучларга тегишли ҳарбий базага яқин жойда қулаган.

Тикучарнинг Россияда ишлаб чиқарилган тикучар бўлгани, Тожикистон фуқаролари бўлган учувчиларнинг ҳарбий бўлмаганлари хабар қилинган.

Тикучар бортида АҚШ қўшинларига мўлжалланган озиқ-овқат ва ичимлик суви ортилгани айтилган.

Толибон номидан тикучарни уриб туширганлари даъво қилинган баёнот ҳам пайдо бўлган.

Тикучар ҳалокатини тасдиқлаган Афғонистондаги халқаро кучлар воизи, ҳодиса юз берган жойда жанговор фаоллик кузатилмаган, деб айтган.