Покистон бош вазири маҳкамага ҳурматсизликда айбланмоқда

pakistan-gilani Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Душанба куни маҳкаманинг Ғилонийга нисбатан ҳукм чиқариши кутилмоқда.

Покистон Бош вазири Юсуф Ризо Ғилонийга расман маҳкамага ҳурматсизлик қилганлик айблови қўйилган.

Бу хақда Олий маҳкаманинг душанба кунги мажлисида эълон қилинган.

Ғилоний ўзига қўйилган айбларни рад қилиб келади.

Олий маҳкама жаноб Ғилонийни Покистон маҳкамасига ҳурматсизлик кўрсатди, унинг ҳукумати маҳкаманинг Швейцария ҳукуматига мурожаат қилиб, президент Осиф Али Зардорийга коррупция айбловлари билан жиноят иши очиш талабини бажармади, демоқда.

Жаноб Ғилоний ва Покистон ҳукумати аъзоларига кўра, Президент Осиф Али Зардорий давлат раҳбари сифатида жиноий жавобгарлик дахлсизлигига эга, шунинг учун унга нисбатан жиноят иши очилмаслиги керак.

Аввалроқ маҳкама Зардорийни пора орқали йиғилган маблағи Швецария банкида сақланишини айтиб чиққан.

Агар жаноб Ғелонийни Олий маҳкама Покистон маҳкамасига ҳурматсизлик кўрсатди, деган бандда айбдор, деб топса, у олти ойлик қамоқ жазосига ҳукм этилиши ва давлат лавозимини эгаллаши таъқиқланиши мумкин.

Президент Зардорийга кўра , унга қарши сурилган айблов сиёсий мазмунга эга.

Душанба куни маҳкаманинг Ғилонийга нисбатан ҳукм чиқариши кутилмоқда.

Лекин бунинг эҳтимоли кам, дейди Исломободдаги Би-би-си мухбири Алим Мақбул.

Маҳкама жараёни бир неча кунга чўзилиши мумкин.

2007 йилда собиқ президент Парвез Мушарраф томонидан эълон қилинган амнистия туфайли президент Зардорий ва юзлаб бошқа сиёсатчиларга қўйилган айбловлар олиб ташланган эди.

2009 йил маҳкама бу қарорни бекор қилган.

Кузатувчиларнинг фикрича, Олий маҳкаманинг ушбу қарори Покистонда ижроия ҳокимияти билан мамлакат маҳкама тизимини дастаклаётгани айтилаётган армия ўртасидаги сиёсий инқироз тобора чуқурлашаётганининг аломати деб кўрилмоқда.