Афғонистон: Толибон билан музокаралар бошланган

jp_karzai Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Жаноб Карзай"Покистон ҳамма учун, ҳам Толибон, ҳам Америка учун енгиллик бўлишига кўмаклашади", деб айтган.

Афғонистон президенти Ҳомид Карзай Американинг "Wall Street Journal" рўзномасига берган интервьюсида Америка ва Толибонга боғлиқ тинч музокаралар олиб боришнинг уч йўналиши ҳақида гапирган.

Карзай жаноблари бундан олдин бир неча бор толибларни ўз даврасига тортишга ҳаракат қилиб кўрган, уларни "биродарларимиз," деб атаган эди.

Толибон эса, президент Карзай ҳукуматини "қўғирчоқ" ҳисоблаб,у билан шу пайтгача мулоқотлар олиб боришдан бош тортиб келишган.

Жаноб Карзайнинг пайшанба куни берган интервьюсида айтишича, Америка ҳукумати ва Толибон, Афғонистон расмийлари билан Толибон ўртасида музокаралар бўлиб ўтган.

Шунингдек, ҳар учала томоннинг ўзаро мулоқотлари бошланган.

Ҳомид Карзай толиблар ҳатто Америка қўшинларининг Афғонистонда узоқроқ муддатга қолишларига изн берадиган тинчлик шартномасини қабул қилишлари мумкин, деб айтган. Бу Афғонистон президентининг музокаралар маълум натижа бераётганини расман тасдиқлаган биринчи чиқишидир.

Олдинроқ афғон расмийлари юқори мартабали Толибон вакиллари билан Афғонистон ичкарисида ва ташқарисида мулоқотлар ўтказаётганларини билдиришган эди.

Афғонистон президенти айни пайтда Покистонда уч кунлик учрашувларда қатнашмоқда.

Расмий Кобулнинг умид қилишича, Покистон томони Толибоннинг нуфузли аъзолари билан мулоқотлар олиб борилишига имкон яратади.

Афғон расмийларининг толиблар Покистон ичкарисида жойлашиб, мамлакат хавфсизлик кучлари назоратида бўлиб келаётгани ҳақидаги даъволарини Покистон ҳукумати рад қилиб келади.

Жаноб Карзай "Покистон ҳамма учун, ҳам Толибон, ҳам Америка учун енгиллик бўлишига кўмаклашади", деб айтган.

Президент Карзай Америка қўшинлари 2014 йилда Афғонистонни тўлиқ тарк қилганларидан сўнг ҳам икки мамлакатнинг узоққа мўлжалланган стратегик алоқалари давом этади, деган.

Америка кучларининг тунги махсус рейдлари ва НАТО кучлари қўли остида қолаётган маҳбуслар масаласи икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликка жиддий тўсиқ бўлиб қолмоқда.