'Бангкок портлашидан мақсад Исроил дипломатлари бўлганлар'

bangkok_blasts Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Таиланд полицияси икки Эрон фуқаросини портлашларда гумон билан ҳибсга олган

Таиланд полициясининг маълум қилишича, 13 феврал куни пойтахт Бангкокда юз берган портлашда икки исроиллик дипломатни нишонга олиш

режаси бўлган.Полиция бошқа тафсилотни ошкор этмаган.

Таиланд полициясига кўра, икки Эрон фуқароси Бангкокдаги ҳибсхонада сақланмоқдалар, яна бир гумондорнинг Малайзияда қамоқхонада ушлаб турилгани, тўртинчи шахсга қидирув эълон қилингани хабар берилган.

Таиланд полициясига кўра, мамлакат пойтахтида уч портлаш рўй берган.

Портлашларда 4 инсон жароҳатланган.

Биринчи портлаш Эрон фуқаролари ижарага олган хонадон яқинида юз бергани, иккинчисида таксига қарата бомба отилгани, учинчи ҳодисада эса полицияга қарата бомба улоқтиришга ҳаракат қилган шахс оёқлари остида портлаш рўй бергани хабар қилинган.

Оғир аҳволда шифохонага ётқизилган шахс ёнидан унинг Эрон фуқароси эканини тасдиқлайдиган ҳужжат топилгани хабар қилинган.

Таиланддаги портлашлардан бир кун олдин Исроилнинг Ҳиндистон ва Гуржистондаги элчиликлари ходимлари нишонга олинганлар.

Деҳлида исроиллик дипломатларга тегишли автомобилга портловчи модда қўйиб кетилгани, автомобил портлаши оқибатида исроиллик дипломат рафиқаси ва яна икки йўловчи жароҳатланган.

Ўша куни Тбилисида Исроил элчихонасига тегишли автомобилнинг ҳайдовчиси автомобил остида портловчи моддани кўриб қолиб, полицияни чақиргани, полиция портловчи моддани зарарсизлантиргани хабар қилинган.

Ҳиндистон, Гуржистон ва Таиланддаги ҳодисаларда Исроил Эронни айблаган, бироқ Эрон бу ҳодисаларга боғлиқ айбловларни рад этган.

Сўнгги ҳодисалар муносабати билан АҚШ ва Буюк Британия ўз фуқароларини Таиландга сафар қилмаслик маслаҳатини берган.