Николя Саркози президентлик сайловига номзодини илгари суришини эълон қилди

sarkozy_france Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Николя Саркози ўзини "довул пайтидаги кема капитани" деб атаган.

Франция Президенти Николя Саркози 22 апрелга мўлжалланган президентлик сайловига ўз номзодини илгари суриши ҳақида расман илк марта эълон қилган.

Жаноб Саркозининг иккинчи марта Франция президентлигига сайланиш учун номзодини қўйиши олдиндан ҳам маълум эди, аммо Франциянинг ТФ1 телеканали билан суҳбатилда у биринчи марта ўз нияти ҳақида эълон қилган.

Франциядаги президентлик сайловига 10 ҳафтадан кам вақт қолган, ҳозирга келиб ўз қарори ҳақида эълон қиларкан, бу жуда "жиддий ва пухта ўйлаб кўрилган қарор" эканини айтган.

Президент Николя Саркозининг айтишича, у Францияга кейинги беш йил учун зарур бўладиган сиёсий дастур ишлаб чиққан.

"Мен бундай қарор қабул қилганимнинг сабаби, охирги уч йил мобайнида Франция, Оврўпо ва бутун дунё қатор оғир инқирозларни бошидан кечирди. Агар мен президентлик учун курашдан бош тортсам, бу билан мен Франция халқи олдидаги мажбуриятларимни рад этган бўламан», деб айтган жаноб Саркози.

Президент Саркози ўзининг энг катта муваффақияти сифатида Францияни иқтисодий инқироздан қутқариш мақсадида юритаётган сиёсатини тилга олган.

Жаноб Саркози сўзларига кўра, 2011 йилнинг тўртинчи чорагида Франция иқтисодида ўсиш кузатилган, бу ўсиш кўрсаткичи Оврўпонинг бошқа мамлакатларига солиштирганда баланд бўлган. "Ҳали ҳам кўп одамлар ишсизлар, аммо бизнинг ислоҳотларимиз ўз натижасини беришни бошлаган"", деган Николя Саркози.

У ўзини "довул пайтидаги кема капитани" деб атаган.

Лекин Францияда ўтказилиб борадиган омма фикрини ўрганиш натижаларига кўра, жаноб Саркозини қўллаб-қувватлайдиганларнинг сони унинг сиёсий рақиблариникига қараганда пастдир.

Яқинлашиб келаётган президентлик сайловида Николя Саркозининг асосий рақиби деб Франция Социалистлар партияси вакили Франсуа Олланд кўрилмоқда.

Жамоатчилик сўровлари асосида президентлик сайловида Франсуа Олланд Николя Саркози устидан ғалаба қозониши башорат қилинмоқда.

Сўнгги сўров натижаларига кўра, овоз беришнинг биринчи босқичида Франсуа Олланд 28 фоиз, Николя Саркози 24 фоиз овоз тўплайди.

Сайловнинг иккинчи доирасида жорий президент 43, унинг рақиби эса 57 фоиз овоз йиғиши башорат қилинмоқда.