Покистон: учувчисиз учоқ ўлдирган жангарилар ўзбек бўлганлар

drone Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ўлганлар ва яраланганларнинг ҳаммаси ўзбек жангарилари бўлган

Американинг учувчисиз учоғи Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош Шимолий Вазиристон минтақасига 16 феврал куни уюштирган ҳужумларининг тобора кўпроқ тафсилоти аён бўлган.

Покистон расмийларига кўра, икки ракета ҳужумида камида 21 та жангари ўлдирилган.

Биринчи ҳужум эрталаб соат 8:30 ларда амалга оширилган.

Американинг учувчисиз бошқариладиган учоғи жангариларнинг Мироншоҳ яқинидаги Спалга қишлоғидаги қароргоҳини нишонга олган. Хабарларга кўра,олти киши ҳалок бўлган, бир неча киши яраланган.

Иккинчи ҳужум орадан саккиз соат ўтиб, Мир Али вилоятининг Ҳисор қишлоғида содир этилган.

Икки ракета ҳаракатланаётган автомобилларга қараб отилган.

Натижада автомобилда кетаётган камида 15 жангари ўлдирилган.

Покистон расмийларининг хабарига кўра, ўлганлар ва яраланганлар ҳаммаси ўзбек жангарилари бўлганлар.

"Автомобил портлаган. Ҳалок бўлганлар таниб бўлмайдиган даражада куйиб кетган", - деб айтган маҳаллий мулозимлардан бири.

"Ҳалок бўлганларнинг сони янада кўпайиши мумкин", - деган у.

Охирги ҳужум Американинг учувчисиз учоғи томонидан уюштирилган ҳужуми оқибатида "Ал-Қоида" тармоғининг раҳбарларидан бири Бадар Мансур ўлдирилганидан бир ҳафта ўтиб содир бўлган.

Учувчисиз учоқ ҳужумлари Покистонда бўлиб ўтаётган минтақа саммитида Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай ва Эрон раҳбари Маҳмуд Аҳмадинжоднинг ўзаро суҳбатида ҳам муҳокама қилинган.

Йиллар давомида Америка учувчисиз учоқлари Вазиристон минтақасига ҳужум қилиб келишади.

Америка учувчисиз учоқларда содир этилган ҳужумларда юзлаб одамлар ўлдирилгани ҳақида аслида ҳисоб бермайди.

"Ассошиэйтед Пресс" ахборот агентлиги маълумотларига кўра, 2009 йилда Покистонда 45 та ракета ҳужуми уюштирилган.

Барак Обама президентлиги остида бу ҳужумларнинг сони 2010 йилда 101 тани ташкил этгани, 2011 йилда 64 марта ўтқазилгани айтилган.

Покистонда ракета ҳужумлари ортидан кейинги саккиз йилда 1715 дан 2680 тагача одам ҳалок бўлгани хабар қилинган.

2009 йил августида Покистон шимолига Американинг учувчисиз бошқариладиган учоғи отган ракета ҳужумида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг асосчиси Тоҳир Йўлдош ҳам ўлдирилган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ