БМТ ядро агентлигининг мутахассислари Эронга сафар қилади

irannuclear Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ғарб давлатлари Эронни ядро қуролини яратишга уринишда айблаган, бунга жавобан эса Эрон ўзининг ядро дастури фақат тинчлик мақсадларини кўзлашини урғулайди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ядро агентлигининг беш нафар мутахассиси Эронга икки кунлик хизмат сафарларини бошлашади.

Бу сўнгги икки ой мобайнидаги агентлик текширувчиларининг Эронга иккинчи сафаридир.

Ғарб мамлакатларига кўра, Эрон ўзининг ядровий дастури билан ядровий қуролга эга бўлиш мақсадини кўзламоқда.

Бироқ расмий Теҳрон ўзининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондиришдек тинч мақсадда ядровий дастурини ривожлантираётганини айтиб келади.

Агентлик ўз вакилларининг ташрифини текшириш эмас, учрашув деб атаган.

Уларнинг Эрон ядровий иншоотларини ҳам бориб кўриш имконига эгами-йўқликлари номаълум.

Чунки январ ойидаги агентлик назоратчиларининг сафарида уларга қатор иншоотларни бориб кўриш ва Эроннинг ядро соҳасидаги мутахассислари билан учрашишга изн берилмаган эди.

Назоратчилар ҳайъатига агентлик бош директори ўринбосари Ҳерман Накертс раҳбарлик қилади.

Жаноб Накертс журналистларга агентликнинг мақсади Эрон ядровийдастурининг ҳарбий йўналишга қанчалар алоқадор эканига ойдинлик киритиш эканини айтган.

Бироқ 48 соат мобайнида барча саволларга аниқ жавобни қўлга киритиш мушкуллиги айтилади.

Агентлик вакилларининг ташрифи Эрон ва Ғарб муносабатлари ёмонлашгани манзарасида кечмоқда.

Оврўпо Иттифоқи Эронга қарши нефт эмбаргосини эълон қилган ва шупайтгача тузилган шартномаларнинг шу йилнинг 1 июлигача амал қилишини маълум қилган эди.

Бироқ 19 феврал куни Эрон Британия ва Франция ширкатларига нефт етказиб беришни тўхтатгани ва этди нефти янги ҳамкорларга сотилишини эълон қилган.

Америка Қўшма штатлари Эронга иқтисодий жазо чораларини янада кучайтирган.

Айни пайтда Исроил Эроннинг ядровий иншоотларига ҳужум қилиши мумкинлиги борасидаги хавотирлар ортган.

Лекин Америка Исроил ҳужуми Эрон ядро иншоотларини бутунлай яксон қилолмаслиги, бунга жавобан Эрон Американинг Форс кўрфази ва Афғонистондаги иншоотларини мўлжалга олиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Бу мавзуда батафсилроқ