Филиппинда қамоқхонага ҳужум қилинган

philippines
Image caption Котабатода кўплаб жиноий гуруҳлар мавжудлиги айтилади.

Филиппинда қамоқхонани ишғол қилишга уриниш пайтида камида уч киши ҳалок бўлгани айтилган.

Маҳаллий полициянинг хабарига кўра, якшанба куни кечаси 50 га яқин қуролланган кишилар мамлакат жанубидаги Кидапаван-Сити шаҳрининг Котабато туманида жойлашган қамоқхонага ҳужум уюштирганлар.

Маълумотларга кўра, қуролланган тўда "Моро Озодлик Фронти" исломий гуруҳига алоқадор бўлиб, улар қамоқдаги раҳбарларини озод қилмоқчи бўлганлар.

Бироқ бу ташкилотнинг ўзи бу ҳодисага алоқаси борлигини рад қилган.

Қамоқхонага ҳужум маҳаллий вақт билан соат 22:00 да бошланган.

Ҳужумчилар турма дарвозасига гранометдан ўқ отганлар.

Гувоҳларнинг айтишича, гранаталар мўлжалга бориб тегмаган.

Полиция бунга жавобан ўт очганида ҳужумчилар автоматлардан ўқ узиб, қочганлар.

Камида 15 одам яраланган.

Ҳалок бўлганлар орасида ярадорларни қутқаришга уринган Қизил Хоч ташкилотининг ходими бўлган.

Би-би-си мухбири Манила Кейт Мак-Гаунга кўра, Котабатода камида учта исёнчилар ва кўплаб жиноий гуруҳлар мавжуд.

Лекин ҳали уларнинг бирортаси бу ҳужум учун масъулиятни ўз бўйнига олмаган.