Владимир Путин: Россияга кучлироқ армия керак

Владимир Путин Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Владимир Путин Россияда профессионал армия бўлиши зарур деб ҳисоблайди

Россия президенти сайловига икки ҳафтадан камроқ вақт қолар экан бош вазир Владимир Путин мамлакат армиясини замонавийлаштириш ғояси билан чиқди.

"Кучли армиясиз биз хавфсизликка умид қила олмаймиз," дея таъкидланади Владимир Путиннинг "Российская Газета"да нашр этилган мақоласида.

Аксарият жаноб Путиннинг 4-март куни бўлиб ўтажак сайловда ғалаба қозонишига шубҳа қилмайди.

Охирги ойларда уни дастаклаган ва унга қарши бўлганларнинг намойишлари бўлиб ўтди.

Мухолифат намойишчиларини тинчлантириш учун Президент Дмитрий Медведев душанба куни мухолифат раҳбарлари билан учрашди.

Путин етакчилигидаги "Ягона Россия" партияси декабрь ойида бўлиб ўтган парламент сайловларида ғалаба қилганидан буён Кремлда илк бор ҳукумат ва мухолифат раҳбарлари мулоқот ўтказишди.

Сайловларнинг ҳукумат тарафдорлари фойдасига сохталаштирилганини даъво қилган рус мухолифати қайта сайловлар ўтказишни талаб қилиб келмоқда.

Кремль мухолифат лидерлари билан бўлиб ўтган учрашув ҳақида маълумот бермаган эса-да, мухолифатчилар учрашувда сиёсий ислоҳотлар ва намойишлар ўтказиш талаби илгари сурилишини билдирганлар.

Якшанба куни юзлаб мотоциклчилар намойиш разми бўлган оқ ленталар ва шарларни кўтариб, Кремль атрофида айланганлар.

Шанба куни эса жаноб Путин тарафдорларининг юриши бўлиб ўтди.

Ўз мақоласида президентликка асосий номзод Россия 400та қитъалараро баллистик ракета, 600дан ошиқ каллак, сув ости кемалари ва ракеталардан ҳимоя тизимларни барпо этиш учун келгуси ўн йил ичида 23 триллион рубл (772 миллиард доллар) сарфлашини маълум қилган.

Жаноб Путиннинг айтишича, Россия ўз стратегик салоҳиятидан ҳеч қачон воз кечмаслиги ва 30-40 йилни олдиндан кўра билиши зарур.

Москва НАТОнинг Оврўпода ракеталардан ҳимоя тизимини яратиш режасига яраша жавобни тайёрлайди, деб айтган Владимир Путин.

Бу мавзуда батафсилроқ