"Коста Конкордия" нинг яна саккизта қурбони топилган

costa_concordia Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Қидириш ишлари қайтадан бошланганидан сўнг жасадлар топилгани маълум қилинган

Қутқарувчилар "Коста Конкордия" кемаси ҳалокатга учраганидан буён яна саккиз киши, жумладан, бедарак йўқолгани айтилган беш ёшли қизчанинг ҳам жасадини топишган.

Сешанба куни бедарак йўқолганларни қидириш ишлари қайтадан бошланганидан сўнг, қолган жасадлар топилгани маълум қилинган.

Айни пайтда 25 кишининг ҳалок бўлгани тасдиқланган, яна етти киши бедарак йўқолгани айтилган.

"Коста Конкордия" круиз кемаси 14 январ тунида Италиянинг ғарбий қирғоқларида тошга урилиб сувга ғарқ бўлган эди.

Ҳалокатга учраган пайти кемада 4, 200 нафар йўловчи бўлган.

Кемадаги 3200 йўловчи ичида Италия, Франция, Олмония, Британия ва Қозоғистон фуқаролари бўлган. Унда, шунингдек, бир минг нафар ходим ишлаган.

Коста Крочиеренинг президенти Жианни Онорато ўз ширкати мазкур фожеанинг сабабларини аниқлаш учун "Италия ҳукумати билан тўла шаффофликда ҳамкорлик" қилишини айтган.

Жаноб Онорато кема ўта тез суратларда ёнига ағанагани учун одатий эвакуация амали "деярли имконсиз" бўлганини билдирган.

Баъзи йўловчилар Жилио оролигача сузишга мажбур бўлганлар.

Омон қолганлар паром кемасида Жилиодан 25 чақирим узоқликдаги Порта Сан Стефано шаҳрига олиб борилганлар.

Кемада бўлган йўловчилар ҳодиса вақтида ваҳима ва тартибсизлик юзага келгани, ҳамда кема ходимлари ҳодисадан аввал йўловчиларга қутқарув жараёнини тушунтирмаганларини айтишган.