Ҳуқуқ ҳимоячилари афғон қочқинларининг тақдиридан хавотирда

afghanistan_child Фото муаллифлик ҳуқуқи na
Image caption Қаҳратон қишда совуқдан музлаб ўлганларнинг кўпчилиги болалардир

Уруш офатларидан қочиб ўз уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлган, лекин ҳукумат ва халқаро донорлар томонидан ташлаб қўйилган 500 мингга яқин афғон қочқинлари яшаш учун курашмоқдалар, деб билдиради Амнести Интернешенел халқаро ташкилоти.

Ташкилотнинг ҳисоботида келтирилишича, камида 28 бола Кобул яқинидаги қочқинлар учун жамлоғларда қаттиқ келган қишнинг оғир шароитига дош беролмай нобуд бўлишган.

Ҳукуматнинг берган рақамларига кўра, мамлакатда 40 дан ортиқ одам музлаб ўлган,- деб хабар беради ҳуқуқ ҳимоячилари.

Афғон расмийлари эълон қилинган ушбу ҳисоботни изоҳламаган.

"Минглаб одамлар иситилмаган бинолардаги аянчли шароитларда очликдан ўлим ёқасига келиб қолишган.

Афғон ҳукумати уларга нафақат ёрдам бермайди, балки уларга керакли кўмак кўрсатишга халақит қилмоқда",- деган Амнести Интернешенел ташкилотининг Афғонистон масалалари бўйича вакили Хориа Мосадик.

"Маҳаллий ҳукумат "бу одамлар тезда жамлоғларни тарк этади" баҳонаси билан уларга зарур ёрдамларни етқазишмаяпти.

Бу асосан яширин, лекин қўрқинчли инсоний кризисдир",- деб айтган ҳуқуқ ҳимоячиси.

"Урушдан қочиб, қашшоқликка гирифтор бўлиш: қочқинларнинг Афғонистондаги аҳволи" деб номланган ҳисоботда айтилишича, Кобул яқинида мавжуд 30 дан ортиқ хароба манзилларда 35 000 га яқин қочқинлар кун кечиришмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашича, бу харобаларни маскан қилганлар мамлакатнинг илгари хавфсиз саналган жойларида можароларнинг кескинлашгани ортидан уйларини ташлаб чиққанлар.

Амнести Интернешенелнинг ҳисоботида 2007 йилдан буён Афғонистонда тинч фуқаролар орасида ўлим даражасининг ошиб бораётганлиги айтилган.

Шунингдек,ташкилот Халқаро жиноят маҳкамасидан икки қарама-қарши томон содир этган ҳарбий жиноятларни текширишни сўраган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари халқаро донорларни, мамлакат бюджетининг қариийб 90 фоизини ташкил қиладиган халқаро ёрдамлар қочқинларга етиб бориш чораларини кўришга чақирганлар.

Бу мавзуда батафсилроқ