Афғонистонда Қуръон ёқилишига қарши янги норозилик намойишлари бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Шанба куни Афғонистоннинг камида олти вилоятида норозилик намойишларида қон тўкилган

Багром ҳарбий базасида АҚШ аскарлари Қуръонни ёқишганига қарши Афғонистонда бешинчи кун давом этаётган норозилик намойишларида юзлаб афғонлар иштирок этганлар, камида олти киши ҳалок бўлган.

Шанба куни Қундуз, Лўғар, Лағмон, Нангарҳор, Пактия ва Сарипул вилоятларида янги намойишлар бўлиб ўтган.

Қундузда оломон БМТ идорасига ҳужум қилиб ўт қўйган.

Норози намойишчилар билан полиция ўртасида тўқнашув келиб чиққан, камида уч инсон ҳалок бўлгани, 50 ка яқин киши жароҳатлангани ҳақида маҳаллий матбуот хабар қилган.

Шаҳарда яна бир неча дўконларга ўт қўйилган.

Лўғардаги намойишларда уч киши ҳаётдан кўз юмгани хабар қилинган.

Лағмонда намойишчилар вилоят ҳокими истиқомат қиладиган бинони тошбўрон қилганлар.

Шифокорларга кўра, касалхонага 21 киши ётқизилган, улардан икки нафарининг аҳволи оғир.

Шанба куни Кобул шаҳридаги қаттиқ қўриқланадиган Афғонистон Ички ишлар вазирлиги биносида икки америкалик ҳарбий маслаҳатчи отиб ўлдирилган.

Афғонистондаги манбаларга кўра, вазирлик биноси ичкарисида отишма бўлган пайтида ҳам америкалик ва ҳам афғон ҳарбийлари бўлишган, бироқ ким хорижликларни отиб ўлдиргани тафсилоти ошкор этилмаган.

Норозиликлар бошланган сешанба кунидан буён Афғонистонда 30 га яқин инсон ҳалок бўлган.

Жума куни норозиликлар бошланганидан буён энг кўп инсон нобуд бўлган кун бўлган.

Кўпинча тинч ҳисобланадиган Ҳирот вилоятидаги намойишда саккиз киши, бошқа жойларда яна камида тўрт инсон ҳаётдан кўз юмган.

24 феврал куни НАТО қўшинларининг Афғонистондаги қўмондони генерал Жон Аллен Қуръон ёқилгани ҳодисаси бўйича тергов якунлангунича тинчликни сақлашга чақирган.

"Мамлакат бўйлаб ҳар бир киши - Халқаро Хавфсизлик Кўмак кучлари аъзолари ва афғонларни биз фактларни тўплашда давом этаётган пайтда сабр қилиб туриш"га чақирган генерал Жон Аллен.

"Катта хатони тузатиш ва бу нарса яна такрорланмаслиги мақсадидаги энг тўғри йўл бизнинг Афғон раҳбарияти билан бирга иш олиб боришимиздир", дейилади генерал эълон қилган баёнотда.

Қуръон ёқилгани ҳодисаси туфайли АҚШ Президенти Барак Обама кечирим сўраган.

Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай номига юборган мактубида Президент Обама ёзишича, Қуръонга "билмасдан ҳурматсиз муносабатда бўлинган".

Бу мавзуда батафсилроқ