Россия давлат матбуоти: Путинга қарши суиқасд олди олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Украина хавфсизлик хизматлари Россия Бош вазири ва президентликка номзод Владимир Путинга қарши уюштирилаётган суиқасд амалини чиппакка чиқаришган.

Бу ҳақда Россия давлат оммавий-ахборот воситалари хабар тарқатишган.

Хабарларга кўра, шу ой бошида Украинанинг бандаргоҳ Одесса шаҳрида икки гумондор қўлга олинган.

Аён бўлишича, икковлон ҳам халқаро қидирувда бўлишган.

Уларнинг иқрорларига кўра, Россияда 4 март кунига режаланган президент сайлови ортиданоқ Владимир Путиннинг жонига қасд қилмоқчи бўлишган.

Россия Бош вазири матбуот воизи Дмитрий Песков ушбу хабарларни расман тасдиқлаган.

Тайёргарлик

Россия ҳуқуқ-тартибот идораларининг билдиришича, сўнгги янгилик Одессада шу ой бошида уч фуқароларининг ҳибсга олиниши билан боғлиқ.

Аён бўлишича, Украина Ички ишлар вазирлигининг Одесса вилоятидаги Бош бошқармаси Тираспольский кўчасидаги 24-уйда юз берган портлаш ва ёнғин юзасидан жиноий иш қўзғаган.

Ушбу ҳодисада 26 ёшли Россия фуқаросининг қурбон бўлгани, Қозоғистон фуқароси бўлган 28 ёшли шахснинг жиддий тан жароҳати олгани айтилганди.

Хабарларга кўра, улар билан бирга яшаган Адам Осмаев исмли учинчи шахс қочиб қолади.

Портлаш эса, уччовлон портловчи ускуна ясаётган пайтларида юз беради.

Ҳодиса ортидан, Украина Миллий Хавфсизлик Хизмати россиялик ҳамкасбларига шошилинч телеграмма юборади.

Тафсилотлар

Аён бўлишича, портлаш чоғида уйни ижарага олган шахс ҳалок бўлади.

Ёнғинда куйган бир нафарини омон сақлаб қолишади ва зудлик билан сўроқ қилишади.

Бунга портлаш юз берган уйдан портловчи жиҳозлар қолдиқлари топилгани сабаб бўлади.

Илья Пьянзиннинг айтишича, чечен исёнкорлари лидери Доку Умаровнинг топшириғи асосида портлаш чоғи ҳалок бўлган Руслан Мадаев билан бирга Бирлашган Араб Амирликларидан Туркия орқали учиб келишган.

Россия Биринчи телевизион канали Илья Пьянзин ва Адам Осмаев устидан олиб борилган тергов жараёнидан лавҳаларни намойиш этган.

Адам Осмаев, "Гуруҳнинг якуний мақсади - Россия Бош вазири Владимир Путин жонига қасд қилишга уриниб кўриш бўлган"ини айтган.

Аён бўлишича, улар "бунинг учун жонларини беришга ҳам тайёр бўлишган".

Репортажда айтилишича, узоқ йиллар давомида Лондонда яшаган Адам Осмаев Одессадаги террорчиларнинг алоқачиси ва йўриқчиси бўлган.

Айнан у ҳужумчиларга етарлича йўл-йўриқ бериб, уларни Москвага юбориши лозим бўлган.

Фитна

Хабарларга кўра, ҳуқуқ-тартибот ходимлари уларнинг бутун режаси тафсилотларини Адам Осмаевнинг ноутбукидан топишган.

"Файллар орасида Россия Бош вазири Владимир Путиннинг кортежи ўтувчи йўл акс этган видеотасвирлар ҳам бўлган. Ҳужумчиларда яхши таассурот ҳосил бўлиши учун тан қўриқчиларининг қандай ҳолатда бўлишлари, қанча машина ҳамроҳлик қилиши турли томондан ва ҳар хил кўчалар мисолида олиб кўрсатилган. Уларга бир эмас, бир неча мисоллар намунасида йўл-йўриқ берилган", деб айтган Россия Хавфсизлик Федерал хизмати мулозими.

Адам Осмаев ҳуқуқ-тартибот ходимларига Москвадаги Кутузовск проспекти яқинида яширилган портловчи моддани ҳам кўрсатган.

Бу - Россия Бош вазири уйидан ишга қатновчи йўл бўлган.

Россиялик масъулларга кўра, "Фитна амалга ошган тақдирда, битта юк машинасини ағдариб ташлаш қудратига эга портлаш юз бериши мумкин бўлган".

Қидирув

Хабарларга кўра, 2007 йилда ҳам Осмаев бир гуруҳ чеченистонликлар билан бирга Москвада қўлга олинган.

Гуруҳ Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировни ўлдирмоқчи, деган тахминда бўлинган.

Аммо буни исботлашга етарлича далил бўлмаган. Шу боис, четга чиқмаслик шарт билан ҳибсдан озод қилинган.

Лекин, шунга қарамай, озодликка чиқиши билан, Адам Осмаев Бирлашган Араб Амирликларига қочиб кетади ва унга халқаро қидирув эълон қилинади.

Бу мавзуда батафсилроқ