БМТ: Сурияда ҳалок бўлганларнинг сони 7500 дан ошган

syria Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Хабарларга кўра Сурияда ҳар куни 100 дан ортиқ тинч фуқаро ўлдирилмоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги ҳисоботига кўра, Сурияда Башар Ассад тузумига қарши қўзғолонлар бошланган ўтган йилнинг март ойидан буён қарийб 7500 тинч фуқаро ўлдирилган.

БМТ бош котиби ўринбосари Линн Пасконинг таъкидлашича, "ишончли манбалар"га кўра, Сурияда ҳар куни 100 дан ортиқ тинч фуқаро ўлдирилмоқда. Уларнинг орасида кўплаб аёллар ва болалар бор.

БМТнинг янги ҳисоботи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг йиғилишида эълон қилинган.

Сурия ҳукуматига кўра, ҳалок бўлганларнинг сони 2493 нафардир.

Шунингдек, қуролли жангарилар билан тўқнашувларда 1345 хавфсизлик кучлари ходимлари ҳалок бўлган, деб хабар қилган ҳукумат матбуоти.

Сурия мухолиф кучлари айтишича, 28 феврал сешанба куни Ҳомс шаҳри Сурия ҳукумат армияси томонидан ўққа тутилган ва шаҳарга бронотехника олиб киритилган.

Америка бош котиби Хиллари Клинтон Сурия президенти Башар Ассадга ҳарбий жиноятчи сифатида қараш кераклигини айтган.

28 февралда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича Женевада ўтган йиғилишида Сурия масаласи муҳокама қилинган.

БМТ нинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита раҳбари Нави Пиллай Сурияда зудлик билан келишувга эришилишини, армия ва хавфсизлик кучларининг тинч фуқароларга нисбатан шафқатсиз муносабати тўхтатилишини талаб қилган.

Унинг чиқишидан сўнг Сурия расмий вакили мажлис залини ғазаб билан тарк этган.

Бу мавзуда батафсилроқ