Халқаро Қизил Хоч Ҳомсдан ярадорларни олиб чиқади

jp_journos Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Халқаро инсонпарварлик ёрдамлари Баба Амрга етқаза бошланган

Қизил Хоч ташкилоти озиқ-овқат ва дори-дармонларни Сурия ҳукумат кучларининг ҳужумидан қаттиқ зарар кўрган Ҳомснинг Баба Амр туманига етқазади.

Қизил Хоч ташкилоти бу тумандан ярадорларни олиб чиқишни режалаштирган.

Кейинги бир неча ҳафта мобайнида Баба Амр ҳукумат кучларининг қақшатқич ҳужумларига нишон бўлган.

Сурия озодлик армияси жангчилари Баба Амрни ташлаб чиққани "тактик чекиниш"бўлганлиги, ўз уйини ташлаб кетишга кўнмаган 4000 га яқин аҳолининг ҳаётини ўйлаб қўйилган қадам эканлигини билдиришган.

Баба Амрда 100 мингга яқин инсон истиқомат қилган.

Сурия армиясининг Баба Амрга кириши 28 феврал, сешанба куни бошланган. Қаттиқ ёққан қор қўшинларнинг ҳаракатини сусайтирган.

Туманда электр энергияси узилган. Озиқ-овқат заҳиралари деярли тамом бўлган.

Сешанба куни Қизил Хоч ташкилоти вакили Би-би-си мухбирига шаҳардаги маҳаллаларда оғир ярадорларнинг борлигидан хавотир билдирган.

Пайшанба куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши тасдиқлаган ҳужжатда Сурия ҳукумати БМТ бош котибининг инсонпарварлик масалалари бўйича ўринбосари Валери Амосга кириш визасини бермаганлигига норозилик билдирилган.

Илгари Халқаро Кенгаш резолюциясига вето қўйган Россия ва Хитой ҳам қувватлаган бу ҳужжат Сурияни жаноб Амосга имкон борича тезроқ мамлакатга кириш рухсатини беришга чақирган.

Бундан ташқари БМТ Сурия ҳукуматидан инсонпарварлик ташкилотларига жабрланганларга "зудлик билан,тўла ва тўсиқсиз" ёрдам бериш имконини берилишини сўраган.

БМТ ҳисоботига кўра, Сурияда кейинги 11 ой давомида 7500 инсон ҳалок бўлган.

Сурия мухолифати вакилларига кўра, 1- мартнинг ўзида 33 киши ўлдирилган.

Айни пайтда қувғиндаги сиёсий мухолифат, Сурия миллий кенгаши ҳукуматга қарши қуролланган гуруҳларни бир жойга жамлайдиган ҳарбий бюро тузилиши ҳақида гапирган.

Янги ташкилотнинг тузилганини эълон қилган Сурия миллий кенгаши раҳбари Бурхон Холин инқилоб тинч ҳаракат сифатида бошланганини, лекин Миллий кенгаш "янгиликни пайдо бўлишига масъулиятни" бўйнига олиши муҳимлигини айтган.

Жаноб Холинга кўра, янги бюро исёнчиларнинг мудофаа вазирлиги сифатида иш олиб боради.

Унинг таркибига Сурия озодлик армияси ва фуқаролари кириши мумкин.

Бироқ Би-би-си мухбирига кўра, Сурия Миллий Кенгаши раҳбарлари янги ҳарбий бюронинг масъулиятлари мухолифат аъзоларининг фикрлар қарама-қаршилиги боис бекор қилинганини билдирган.